Эътибордан бошимиз кўкка етди
Андижон вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан Халқаро хотин-қизлар куни олдидан бошқарма тасарруфидаги корхоналарда ишловчи аёллар муборакбод этилди.
Бир гуруҳ мутасаддилар йўлсоз опа-сингилларимиз иш олиб бораётган ҳудудларга бориб, уларга гул ва эсдалик совғалари топширди.
–Бошқармамиз тасарруфидаги корхоналар, хусусан, туман, шаҳар йўллардан фойдаланиш давлат муассасаларида 105 нафар хотин-қиз меҳнат қилади, – дейди Андижон вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Юлдуз Муллабоева. – Уларнинг самарали иш олиб бориши учун зарур шарт-шароит яратиб берилмоқда, қолаверса, ижтимоий муҳофазаси таъминланмоқда.
[gallery-16211]
Бошқарма раҳбарияти ташаббуси билан 8 март байрами арафасида тизимдаги хотин-қизларга ўзига хос тарзда ҳурмат-эҳтиром кўрсатилганлиги уларни беҳад мамнун этди.
–Мутасаддилар, ҳамкасбларимизнинг иш жойимизга келиб, гул ҳамда совғалар топширишини умуман кутмаган эдик, – дейди Шаҳрихон тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси автомобил йўлларини сақлаш бўлими ишчиси Одинахон Туробова. – Биз – оддий ишчиларга кўрсатилган бундай эътибордан бошимиз кўкка етди. Юртимиз ободлигига озгина бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан фахрланамиз. Биз аёллар бахтига юртимиз тинч ва янада обод бўлсин.
Опа-сингилларимизга эҳтиром кўрсатишдек ушбу ибратли ташаббус вилоятдаги кўплаб меҳнат жамоалари томонидан қўллаб-қувватланмоқда, табрик ва йўқловлар давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари