Етарли озиқ-овқат захираси яратилмоқда
Жиззах вилоятида ҳам 2014-2015 йиллар қиш-баҳор ойлари учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам 2014-2015 йиллар қиш-баҳор ойлари учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Қиш-баҳор мавсумида аҳолининг полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, бозорда нарх-навонинг барқарор бўлиши учун кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида вилоятдаги тайёрлов корхоналари, бозорлар уюшмалари, ихтисослашган фермер хўжаликлари, ижтимоий муассасалар ва бошқа ташкилотлар томонидан режадаги 22,2 минг тонна мева-сабзавотнинг 15 минг тоннадан зиёди махсус омборларга жамланди.
Вилоят ижтимоий таъминот муассасаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси тизимидаги муассасаларда қишга озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича режалаштирилган ишлар ўтган йилга қараганда анча барвақт бажарилди. Тизимдаги вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази, “Маржон суви” сиҳатгоҳи, Зомин ногирон аёллар Мурувват уйи муассасаларида қишки мавсум учун 90,6 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилди.
– Давлатимиз томонидан ижтимоий муассасаларга кўрсатилаётган катта ғамхўрлик туфайли қишки захира учун етарли маҳсулот тўлиқ ғамланди, – дейди Зомин туманидаги ногирон аёллар Мурувват уйи директори Нишонбой Фозилов. – Маҳсулот харид қилиш биржа савдолари орқали махсус тайёрловчи ташкилотлар томонидан амалга оширилаётгани катта қулайлик яратмоқда. Картошка, пиёз, сабзи, шолғом, мева шарбати, қуритилган мева, гуруч каби зарур маҳсулотлар махсус омборхоналарда сақланмоқда.
Вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги Меҳрибонлик уйи, интернат ва махсус мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, шифохоналар, даволаш, соғломлаштириш муассасаларида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда 500 тоннадан зиёд маҳсулот захирага қўйилди.
Йиғиб-териб олинган мева-сабзавотларни сифатли сақлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мавжуд замонавий совутиш камераларидан самарали фойдаланиш имконияти кенгайтирилиб, янгиларини қуриш, эскиларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелда қабул қилинган “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Аҳоли эҳтиёжи, ҳудудда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ҳисобга олиниб, махсус тайёрлов, улгуржи савдо ташкилотлари, бозорлар уюшмалари, корхона ва ташкилотлар ҳам қишки мавсумга захира яратмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратишда ресурслардан ва омборхоналар қувватидан, ижтимоий муассасалар учун ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари тегишли давлат ҳокимияти бошқаруви идоралари томонидан ташкил этилган махсус ишчи гуруҳи томонидан доимий назорат қилиб борилаётир.