«Эстрададан мақомгача» телелойиҳасининг 2-мавсумига старт берилди
Мақом – бебаҳо, ҳам мураккаб санъат.
Уни англаш, асраш бурчимиздир. Маълумки, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан санъатнинг турли йўналишларида ижод қилаётган таниқли ва ёш хонандалар иштирокида бир қатор ижодий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалардан бири Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган «Эстрададан мақомгача» телешоусидир.
«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йил якунида мазкур телелойиҳанинг биринчи мавсуми бўлиб ўтди. Унда «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Машҳурбек Раимжонов, Гуласал Абдуллаева, Жасур Мирсагатов, хонандалар Рухшона Маткаримова, Мухлис Бердиев ҳамда Элбек Аҳмедовлар иштирок этиб, икки шарт бўйича устозлар сабоқлари асосида миллий-мумтоз қўшиқларни ўргандилар. Миллий мақом намуналарини жонли ижрода айтиб, маҳорат бобида ўзаро беллашишди.

Бунда уларга Ўзбекистон халқ ҳофизи Эркин Рўзиматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Нодира Пирматова, Комила Бўриева яқиндан ёрдам беришиб, миллий-мумтоз қўшиқларимиз намуналари бўлган бастакорлик асарлари ҳамда «Танавор»ларни ўргатиб борди.
Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўктам Аҳмедов, Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова ҳамда маҳоратли хонанда Бобур Кенжаевдан иборат Ҳакамлар ҳайъати эса телелойиҳа шартлари асосида иштирокчиларнинг ижроларига баҳо беришди.
Бугун «Эстрададан мақомгача» телелойиҳасининг иккинчи мавсуми учун тайёргарлик жараёнлари бошланди. Анъанага кўра, бу гал ҳам олти нафар иштирокчи хонанда устозлардан миллий-мумтоз қўшиқларни ўрганади.
Истеъдодли хонанда Феруза Эгамова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Пирматова ҳамда устоз санъаткорлар билан телелойиҳанинг биринчи шарти бўйича бастакорлик асарларидан бирини ўрганишга киришди. Лойиҳа миллий санъатимиз тарғиботига хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Усмонова, ЎзА