Эскирган боғлар ўрнида янгилари яратилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2027 йилдан бошлаб "Uzagrostar xolding" компанияси муассислигидаги ихтисослашган компаниялар томонидан юридик шахслар устав капиталида иштирок этиш орқали тадбиркорлик субъектлари билан саноатлашган интенсив боғ яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Бунда:
а) ихтисослашган компаниялар тадбиркорлик субъектининг устав капиталида лойиҳа миқдорининг 50 фоизигача бўлган миқдорда мевали кўчатлар ёки лойиҳа доирасида фойдаланиладиган асосий воситалар кўринишида улушдор бўлиб иштирок этади, қолган қисмида тадбиркорлик субъекти ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ва лойиҳа доирасида фойдаланиладиган бошқа мол-мулк билан иштирок этади;
б) тадбиркорлик субъекти киритаётган улушининг 150 фоизи миқдорида кўчмас мулк ёки банк кафолати кўринишида гаров таъминоти тақдим этилгандан сўнг улуш киритилиши амалга оширилади;
в) ихтисослашган компаниялар томонидан киритилган улуш қайта баҳоланмаган ҳолда 7 йил давомида тадбиркорлик субъектига ёки бошқа салоҳиятли инвесторларга реализация қилинади ва ушбу улуш тўлиқ сотиб олингандан кейин гаров тадбиркорлик субъектига қайтарилади;
г) ихтисослашган компаниялар томонидан Агентликнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган, камида икки йил фаолият юритган ва йиллик даромади беш миллиард сўмдан кам бўлмаган, ижобий кредит тарихига эга, кредит ҳамда солиқ тўловларидан муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган тадбиркорлик субъектлари устав капиталига улуш киритилади.
Жорий йилдан бошлаб мазкур Фармонга мувофиқ ресурслар ҳисобидан тижорат банклари томонидан саноатлашган боғларда ишлатиладиган сувни тежайдиган суғориш технологиялари, мевали кўчатлар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш (шу жумладан, уларни жорий этиш ёки экиш хизматлари) учун исломий молия операцияларини (товарни насияга сотиш каби) кўрсатиш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 августдан бошлаб замонавий сув тежовчи технологиялар жорий қилинган саноатлашган боғларда бурғиланган қудуқлардан олинган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси беш йил муддатга 1 сўм миқдорида белгиланади.
Боғ яратишга доир ҳужжатлар асосида саноатлашган боғ барпо қиладиган тадбиркорлик субъектларига молиявий қўллаб-қувватлаш пакети тақдим этилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
а) мазкур Фармон бандларида назарда тутилган кредитларни молиялаштириш учун тижорат банкларининг буюртмасига асосан 7 йил муддатда қайтариш шарти билан:
2026 йилда - республика бюджетининг 2026 йил I чораги якуни бўйича даромадларнинг режадан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 300 миллиард сўм ажратади;
2027 йилдан бошлаб - республика бюджетида ҳар йили 500 миллиард сўм ажратишни режалаштиради.
Агентлик томонидан республика ҳудудида саноатлашган боғлар яратиш лойиҳаларини молиялаштириш учун:
республика бюджетининг 2026 йил I чораги якуни бўйича даромадларнинг режадан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратади;
2027 йилдан бошлаб - республика бюджетида ҳар йили 150 миллиард сўм ажратиш режалаштирилади.
Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлимлари Саноатлашган интенсив боғ ва узумзорларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари этиб қайта номланади.
Лойиҳа офислари фаолияти алоҳида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда йўлга қўйилади.