Эронга ультиматум муддати узайди
Дональд Трамп Эроннинг энергетика манзилларига зарба бериш таҳдидини вақтинча тўхтатиб, музокара бошлаш учун муддатни 6 апрелгача узайтирди. АҚШ Президенти фикрича, мулоқот “яхши кетяпти”, фақат Теҳрон таклифни адолатсиз, деб рад этяпти.
Маълумки, февраль охирида бошланган уруш минтақа бўйлаб ёйилди ва минглаб қурбонларга сабаб бўлди. Жаҳон иқтисодиётига кучли босим юзага келган. Энергия нархи кескин ошиб, инфляция хавфи кучайган.
Вашингтон Эронга нисбатан ядровий дастурни тўхтатиш, Ҳурмуз бўғозини очиш каби кескин талабларни илгари сурмоқда. Теҳрон эса бунга жавобан минтақадаги энергетика иншоотларига қарши ҳужум давом этишини билдирган.
Айни пайт АҚШ ҳарбийлари минтақада фаолликни оширмоқда – қўшимча қўшин юбориш ва ҳатто дрон-катерлардан фойдаланиш имконияти кўриб чиқиляпти.
Таҳлилчилар музокара натижа бермаса, энергетика инфратузилмасига ўзаро зарбалар янада кучайиб, глобал бозор орқали миллионлаб аҳоли ҳаёти жиддий таъсир остида қолишидан хавотирда.
Мусулмон Зиё, ЎзА