Эронда Паҳлавий даврини қўмсаш кучайиши келажакка оид тасаввур йўқлиги билан боғлиқми?
Ислом Республикаси асосчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Мусавий Ҳумайний меросини сақлаш институтига алоқадор “Jamaran” янгиликлар портали мамлакат ички аҳволини танқид қилувчи таҳлилий мақола чоп этди.
– “Келажаги йўқ жамият ўтмишдан паноҳ топади” сарлавҳали мақолада муаллиф Паҳлавий сулоласига оид инқилобдан олдинги даврни қўмсаш туйғуси кучайишини расмийлар фуқароларга узоқ муддатли тараққиётнинг жозибали кўринишини тақдим эта олмаётгани билан боғлайди.
Яъни, ўтган ўн йилликлардаги маданий рамзга қизиқиш қайта тикланиши ва жамиятнинг айрим қатламлари томонидан сургун қилинган шаҳзода Ризо Паҳлавий қўллаб-қувватланиши шунчаки урф натижаси эмас. Таъкидланишича, бу тенденция мавжуд сиёсий институтларга жамоатчилик ишончи пасайиши, аниқ иқтисодий тараққиёт режаси тузилмагани ва фуқароларда ўз турмушини шакллантириш қобилияти йўқолиши билан боғлиқ.
– Келажак ҳақида тасаввури йўқ ёки ўзини эртанги кун яратилишида иштирокчи сифатида кўрмайдиган жамиятда қўмсаш туйғуси пайдо бўлади, – дея хулоса қилинган таҳлилда. – Тизимли умид инқирози шароитида ўтмиш эронликлар учун ҳозирги замонга нисбатан жозибалироқ кўрина бошлаяпти.
С.Раҳимов, ЎзА