Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасида тинчликка эришиш мумкинми?
Яқин Шарқдаги вазият халқаро хавфсизлик кун тартибидаги энг мураккаб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги қарама-қаршилик ҳарбий хавфсизлик билан чекланмай, ядровий дастур, санкциялар, минтақавий таъсир ва халқаро денгиз қатнови каби ўзаро боғлиқ муаммоларни ҳам қамраб олмоқда. Шу боис, тинчликка эришиш имкониятларини бир томоннинг позицияси орқали эмас, барча иштирокчиларнинг хавотирлари ва халқаро ҳуқуқ талаблари нуқтаи назаридан баҳолаш муҳим.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жорий йилнинг 26 октябрь куни Қоҳирада билдирган баёнотида Эрон ва АҚШ ўртасидаги зиддиятни мулоқот ҳамда дипломатия орқали тугатишга чақирди. 27 октябрда Қатар ташқи ишлар вазирлиги воситачилик жараёнининг муваффақияти учун ишончни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. 28 октябрда эса Иордания ва Эрон ташқи ишлар вазирлари барқарор ўт очишни тўхтатишга эришиш чораларини муҳокама қилди.
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Бектош Бердиев фикрича, можаронинг асосий мураккаблиги томонларнинг хавфсизликка турлича ёндашувидадир. Вашингтон Эрон ядровий дастури бўйича текширув ва кафолатларни устувор деб ҳисоблайди. Теҳрон эса санкциялар, суверенитет ва хавфсизлик кафолатларини олдинга суради. Исроил учун минтақавий таҳдидларни бартараф этиш ва ўз хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга.

Экспертнинг сўзларига кўра, барқарор тинчлик фақат ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш билан чекланмайди. У ўзаро ишончни тиклаш, келишувларнинг бажарилишини текшириш ва барча томонлар учун мақбул хавфсизлик механизмларини шакллантиришни талаб этади.
Айни пайтда ядровий масала алоҳида ўрин тутади. Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси 28 октябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида Эрондаги ядровий объектларга инспекторлар киришини тиклаш зарурлигини билдирди. Мазкур масалада шаффофлик ва мустақил текширувлар ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси бўлиши мумкин. Бироқ ҳар қандай механизм давлатларнинг халқаро мажбуриятлари ва қонуний хавфсизлик манфаатларини инобатга олиши лозим.
Б.Бердиевнинг таъкидлашича, музокараларда бир томоннинг тўлиқ ғалабасига эмас, келишмовчиликларни босқичма-босқич камайтиришга эътибор қаратиш самаралироқ йўл бўлиши мумкин. Бунда дастлаб ўт очишни тўхтатиш, фуқароларни ҳимоя қилиш ва денгиз қатнови хавфсизлигини таъминлаш каби амалий масалаларга эътибор қаратиш назарда тутилади.
Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият можаронинг халқаро иқтисодиётга таъсирини ҳам кўрсатди. Бу йўлакдаги узилишлар энергия таъминоти ва савдо занжирларига таъсир ўтказмоқда. Шунинг учун Қатар, Покистон, Ўмон ва бошқа минтақавий давлатларнинг воситачилик ҳаракатлари нафақат сиёсий, балки иқтисодий барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли.
Доцентнинг қайд этишича, тинчликка эришиш имконияти мавжуд, аммо бу автоматик жараён эмас. Натижа томонларнинг сиёсий иродаси, воситачиларнинг самарали иштироки ва қабул қилинган мажбуриятларга амал қилинишига боғлиқ.
Умуман олганда, Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги барқарор тинчлик йўлида қисқа муддатли сулҳ билан узоқ муддатли сиёсий келишувни фарқлаш зарур. Биринчиси кескинликни пасайтириши мумкин, иккинчиси эса ядровий назорат, санкциялар, минтақавий хавфсизлик ва ўзаро кафолатлар юзасидан давомли мулоқотни тақозо этади. Ҳозирги шароитда дипломатик каналларни сақлаб қолиш ва халқаро ҳуқуққа риоя этиш энг муҳим амалий вазифалардан бўлиб қолмоқда.
Кенжа Бекжонов,
ЎзА