Ерни боқсанг, ер сени боқади
Бухоро вилояти Қоракўл тумани Қоракўл маҳалласининг исталган хонадонига кириб борсангиз, бир қарич ердан унумли фойдаланиб даромад олишга ҳаракат қилинганига гувоҳ бўласиз. Маҳалла миришкорлари асосан сабзи етиштириб, нафақат туман ички бозорига, қолаверса, республиканинг бошқа вилоятларига ҳам ўз маҳсулотларини етказиб беришда анча фаол.
Бугунги кунда аҳлида 104 гектар томорқа ер майдони бўлиб, бундан ташқари яна 9 гектардан ортиқ экин ери ёшлар ихтиёрига берилган. Бу ерларнинг барчасида сабзавот маҳсулотлари етиштириб келинмоқда.

Ойбек Болтаев йигирма йилдирки томорқасида сабзи етиштиради. Соҳа сир асрорларини пухта ўзлаштирган уста деҳқон йилда икки маротаба ҳосил йиғиб олади. Кузги мавсумда 10 сотих ердан 6 тоннадан ортиқ, баҳорги мавсумда 3 тоннага яқин сабзи ҳосилини олиб, йилига 35-40 миллион сўм қўшимча даромадга эга бўлмоқда.

– Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири – уруғни ердан текис ундириб олиш. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда ўн кун оралиғида бўй кўрсатади. Ҳар бир экиннинг ўз агротехника ишлари бўлганидек, сабзини етиштиришда ҳам парвариш лозим. Экинни вақтида бегона ўтлардан ҳоли қилиш, қалин униб чиққан ерларни сийрак қилиш лозим. Шу билан бирга турли зараркунандаларга қарши курашишда ҳам эътиборли бўлиш керак. Акс ҳолда мўлжалдаги ҳосилни олишга эришиб бўлмайди, – дейди Ойбек Болтаев.
Миришкорлар маҳалласи Қоракўлда экин ерини бўш қўйишмайди. Бинобарин, “Ерни боқсанг, ер сени боқади”, деганлари шу бўлса керак.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.