Ерни боқ, ер сени боқади
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўрта Чирчиқ туманида бўлиб, жойлардаги қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги билан яқиндан танишди.
“Дўстлик” МФЙ аҳолисининг аксариятида иссиқхона мавжуд бўлиб, асосан қулупнай етиштиришга ихтисослашган. Мазкур маҳаллада 21 нафар ёшларнинг ҳар бирига 30 сотихдан ер ажратилган. Ҳозир юртимизда ёшлар учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш айни вақтда ҳаётий заруратдир.



Вазир ўз навбатида ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти билан танишар экан, экин етиштириш технологияси, ҳосилдорликни ошириш борасида ўз таклифларини берди. Шундан сўнг маҳаллада янги технология асосида қўзиқорин етиштираётган аҳоли хонадонида бўлди. Уч сотих майдонда ташкил этилган иссиқхонада қўзиқориннинг “вешенка” нави етиштирилмоқда. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, қўзиқориндан йил давомида мўмай даромад топиш мумкин. Битта қопга жойланган уруғлар 10-12 килограммгача ҳосил беради. Ҳарорат мўътадил ушлаб турилса мавсумга қараб, 10-15 миллионгача даромад қилиш мумкин.




Вазир тадбиркорнинг фаолияти билан танишар экан, давлатимиз раҳбари бошчилигида Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган давлат ташрифи давомида қўзиқорин етиштириш технологияси билан танишилгани ва буни мамлакатимизда ҳам жорий этиш масаласини илгари сурилганини қайд этди.
А.Мусаев, ЎзА.