Ерни асраш — экологик барқарорликнинг муҳим омили
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида 22 апрель — Бутунжаҳон Ер куни муносабати билан семинар ташкил этилди. Унда партиянинг барча даражадаги ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, соҳа мутахассислари ва талаба ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида маърузачилар томонидан Бутунжаҳон Ер кунининг тарихи ва аҳамияти, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган сиёсий, илмий ва амалий ишлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда экологик маданиятни юксалтириш, "яшил иқтисодиёт" тамойилларини жорий этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда жамоатчиликнинг бу жараёнлардаги фаол иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ер сайёрасининг ҳар бир қаричини асраш, уни борлигича сақлаш, сайёрамизни ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг табиат олдидаги энг улуғ масъулияти ва бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.

Семинар иштирокчилари ўзларининг фиклари, мулоҳазаларини билдирди. Она сайёрамизнинг экологик манзарасини муҳофаза қилишга масъулият билан ёндашиш бугунги куннинг долзарб вазифаси сифатида қайд этилди.
М.Комилова,
ЎзА