Ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда
Миллий матбуот марказида Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган анжуманда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳосилдорлик омили эканлиги, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, ерларнинг шўрланиш даражасини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси, элликка яқин давлат унитар корхонаси сув хўжалиги ишларини бажармоқда. Гидромелиоратив тизимлар, коллектор зовур ва суғориш тармоқларини таъмирлаш, техник ҳолатини яхшилаш, тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу тупроқ унумдорлигини янада яхшилаш, шўрланиш жараёнларининг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
– 2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларга доир давлат дастурига мувофиқ тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликнинг пасайишига таъсир кўрсатувчи омилларга барҳам бериш учун кенг кўламли ишлар бажарилмоқда, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Н.Аллаберганов. – Ҳозирга қадар 800 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларда ер ости сизот сувлари сатҳини меъёр даражада сақлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлашга эришилди. 2016-2017 йилларда яна икки минг километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлар, 422 тик мелиоратив қудуқ, насос станция ва бошқа кўплаб иншоотларни реконструкция қилиш ва қуриш режалаштирилган.
2016-2017 йилларда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида қўшимча 560 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.
Анжуманда журналистларнинг саволларига жавоб берилди.