Эркин курашчиларимиз Осиё чемпионатини 6 та медаль билан якунлади
Вьетнамнинг Да Нанг шаҳрида ўтаётган U17 Осиё чемпионатида эркин кураш бўйича баҳслар якунланди. Мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 2 тадан олтин, кумуш ва бронза медалга сазовор бўлди.
Жумладан, терма жамоамиз сафида Фаррух Маҳмудов (48 кг) ва Бекзодбек Иброҳимов (60 кг) ўз вазн тоифаларида тенгсиз эканини намоён этиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Муҳаммад Раҳимжонов (45 кг) ҳамда Амирбек Фазлиддинов (92 кг) финалгача етиб бориб, кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Шоҳиддин Алиев (65 кг) ва Беҳруз Аширов (110 кг) бронза медалларини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, чемпионатнинг юнон-рум кураши баҳсларида терма жамоамиз 1 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза, аёллар курашида эса вакилларимиз 1 дона кумуш ва 3 та бронза медалга эга чиққан эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА