Ерга барака уруғи қадалди
Ерга қадалган бир дона уруғ — келгуси ҳосилнинг ибтидоси. Унинг ортида эса деҳқоннинг машаққатли меҳнати, сувнинг қадри, агротехник талабларга амал қилиш ва мўл ҳосилга бўлган эзгу ният мужассам. Боёвут туманида 2027 йил ҳосили учун ғалла экиш мавсуми ҳам ана шундай эзгу ниятлар билан бошланди.
Мавсум муносабати билан «Достон Бобур» фермер хўжалигида амалий семинар ўтказилди. Унда Боёвут тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зафар Холиқбердиев, қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари, мутахассислар, агрономлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида мўл ва баракали ҳосил тилаб дуо қилинди ҳамда дастлабки ғалла уруғлари ерга қадалди.Семинарда ғалла экишда агротехник талабларга қатъий риоя қилиш, уруғни тўғри танлаш ва экишга тайёрлаш, ерни сифатли тайёрлаш, экиш ишларини ўз вақтида амалга ошириш, сувдан самарали фойдаланиш, минерал ўғитларни меъёрида қўллаш ва экинларни парваришлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, юқори ҳосилдорликка эришишда ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли бажариш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ҳудуд иқлимига мос, серҳосил ва эртапишар буғдой навларини танлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ўтган мавсумда туманда 11,5 минг гектар майдонга иқлим шароитига мос, эртапишар ва серҳосил буғдой навлари экилди. Натижада шартнома асосида дон топшириш режаси тўлиқ бажарилиб, қарийб 40 минг тонна сифатли ғалла давлат дон қабул қилиш корхоналарига етказиб берилди. Бунда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш муҳим омил бўлди.

Ҳосилни қисқа муддатларда ва сифатли йиғиб-териб олиш мақсадида 19 та ўрим бригадаси шакллантирилиб, 38 та замонавий комбайн ҳамда 150 та транспорт воситаси жалб этилди. Тажрибали механизаторлар ва ишчиларнинг фидокорона меҳнати натижасида бир қатор фермер хўжаликларида юқори кўрсаткичларга эришилди. Жумладан, «Шоҳрух Зайнура», «Бекзод Облоқулов», «Боёвут самараси», «Рўзибой Одилович», «Абдуғани Каттабой», «Ўринбоев Сарварбек» фермер хўжаликларида гектаридан 70–80 центнердан ҳосил олинди.
— Бугунги амалий семинар биз учун жуда фойдали бўлди. Унда ўтган мавсум натижалари таҳлил қилиниб, янги ҳосил учун муҳим тавсиялар берилди. Айниқса, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда амалга ошириш, сифатли уруғликдан фойдаланиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда экинларни парваришлашга оид кўрсатмалар биз учун муҳим, — дейди «Бекзод Облоқулов» фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Облоқулов. — Бу тавсияларга амал қилиб, келгуси мавсумда янада юқори натижаларга эришишни мақсад қилганмиз.

Айни пайтда бундай ишлар нафақат Боёвут туманида, балки вилоятнинг барча ҳудудларида изчил давом этмоқда. Далаларда 2027 йил ҳосили учун ғалла уруғлари қадалиб, янги мавсумга асос солинмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири