Ер қонунийлиги – тараққиёт кафолати
Сирдарё вилоятида ер ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, ер муносабатларида шаффофликни кучайтириш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида тизимли ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада Кадастр агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан 2026 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган назорат тадбирлари сезиларли натижаларни кўрсатди.
Ҳисобот даврида ўтказилган ўрганишлар давомида жами 955 та ҳолатда 35,2 гектар ер майдонлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан кўрилган таъсирчан чоралар натижасида 749 та ҳолатда 6 гектар ер майдони ҳамда ноқонуний қурилмалар фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди.
Таҳлилларга кўра, ер қонунчилигига риоя этиш маданияти тобора шаклланмоқда. Шу билан бирга, мақсадсиз фойдаланилган ер майдонларини давлат захирасига қайтариш ишлари ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда. Хусусан, 210 та ҳолат бўйича 119,1 гектар ер майдонини давлат захирасига қайтариш юзасидан тақдимномалар киритилиб, 203 та ҳолатда 116,5 гектар ер амалда қайтарилди.
Назорат ишлари суд органлари билан ҳамкорликда олиб борилиб, киритилган 21 та даъво аризасининг 20 таси қаноатлантирилди. Шу орқали кадастр органларининг текширув ва мониторинг натижалари ҳуқуқий жиҳатдан ҳам ўз тасдиғини топмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ижроси доирасида Бош прокуратура ва Кадастр агентлиги ўртасидаги “қўшма тартиб” асосида 4 та ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун материаллар прокуратура органларига юборилди.
Ер қонунчилиги бузилган ҳолатлар бўйича маъмурий таъсир чоралари ҳам қўлланилди. Биринчи чорак давомида 1084 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, улардан 244 нафарига 4 миллиард 212 миллион сўм жарима белгиланди. Шу билан бирга, қонунбузилишларни ўз вақтида бартараф этган 650 нафар шахс бўйича маъмурий ишлар тугатилди.
Жарималарни ундириш ишлари ҳам тизимли равишда давом этмоқда: 583,9 миллион сўм ихтиёрий ундирилган бўлса, белгиланган муддатда тўланмаган 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ Мажбурий ижро бюросига юборилди.
Кадастр агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкат Рўзиқуловнинг таъкидлашича, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар босқичма-босқич натижа бермоқда.
– Ер — бу фақат иқтисодий ресурс эмас, балки давлат ва жамиятнинг стратегик бойлигидир. Шу боис ҳар бир қарич ердан самарали ва қонуний фойдаланишни таъминлаш устувор вазифамиз ҳисобланади. Олиб борилаётган назорат ишлари орқали қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинмоқда ва ер муносабатларида тартиб мустаҳкамланмоқда, – дейди Шавкат Рўзиқулов.
Мутахассислар фикрича, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни кучайтириш ҳудудий барқарор тараққиёт ва иқтисодий самарадорликнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири