Ер муносабатлари қатъий назоратга олинади
Маълумки, инсон ҳаёти бебаҳо бойлик ҳисобланган ер билан боғлиқ. Одамларнинг фаровонлиги, тирикчилиги айнан ерга бўлган муносабат билан ўлчанади. Шу маънода ҳар бир қарич ердан мақсадли фойдаланиш шу Она ер, шу тупроқ устида яшаётган ҳар бир шахс учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони сўнгги йилларда ер билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлаш жоиз. Чунки маҳаллий ҳокимликлар, фермер хўжаликлари томонидан суғориладиган, унумдор ерларни ноқонуний равишда уй-жой учун бериб юбориш ёки аҳолининг ҳеч қандай ҳужжатларсиз эгаллаб олиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда.
Маълумотларга қараганда, сўнгги 2 йил давомида 120 минг гектардан зиёд ер талон-торож бўлган ёки ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилган. 2 йилда прокуратура органлари томонидан 7500 дан ортиқ ерга оид қарорларни бекор қилишга оид протест киритилган.
Маъмурий судлар томонидан ерга оид туман ҳокимларининг 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган. Ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Фармонда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Жумладан, ердан мулк ва ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш, ерга умрбод, доимий эгалик қилиш, вақтинча фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва мўлжалланмаган ерлардан фойдаланиш ва сотиш, шунингдек, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиш ёки фойдаланиш, ижарага бериш бўйича аниқ тартиб ва механизмлари белгиланди.
Фармоннинг энг муҳим жиҳати – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинади. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари асосан маҳаллий ҳокимликлар томонидан содир этилмоқда.
Қайд этганимиздек, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони ер билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз. Энди барча даражадаги депутатлар ўз сайловчилари билан бўлган учрашувларда бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат қилиши, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиши лозим.
Жаҳонгир ЗИЯЕВ, ЎзМТДП депутати