ЕОИИ ва Ўзбекистон АСМ ҳамкорлиги янада ривожланади
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Евроосиё иқтисодий комиссиясининг саноат ва агросаноат мажмуи вазири Артак Камалян билан учрашди.
Учрашувда асосий маҳаллалардан бири сифатида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан агросаноат мажмуи соҳасидаги ўзаро алоқаси масалалари муҳокама қилинди.
ЕИК вазири Евроосиё иқтисодий иттифоқи АСМни ривожлантиришнинг Ўзбекистон томонидан чуқурроқ ўрганиш учун фойдали бўлиши мумкин бўлган бир қатор устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди. Жумладан, ЕОИИ озиқ-овқат хавфсизлигининг умумий тамойиллари ва ёндашувларини шакллантириш, Иттифоқ мамлакатлари бозорларига қўшимча равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш билан боғлиқ бўлган эҳтиёж ёки имкониятлар тўғрисида тезкор маълумот алмашиш учун майдон яратиш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни таклиф қилди.
Агросаноат мажмуида академик мобиллик механизмларини яратиш, Иттифоқ агросаноатини ривожлантириш харитасини ишлаб чиқиш, иттифоқдош давлатларнинг миллий товар ишлаб чиқариш тизимларини бир-бирига боғлаш, шу жумладан, Евроосиё улгуржи ва логистика мажмуаларини шакллантириш ҳам устувор аҳамиятга эга масалалардан саналади.
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев агросаноат комплекси соҳасида ЕОИИ давлатлари билан ҳамкорликни ўзаро манфаатли равишда чуқурлаштириш фойдали эканини билдириб, академик мобилликни ривожлантириш механизмларини яратиш ва аъзо давлатларнинг миллий товар ўтказиш тизимларини бирлаштирувчи лойиҳаларга тўхталди.
- Миллий қонунчиликни интеграциялашган бирлашиш нормалари билан яқинлаштириш доирасида биз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг солиштирма таҳлилини ўтказишимиз лозим, – дейди Ж.Хўжаев.- Ветеринария ва фитосанитария назорати миллий сиёсатини янада такомиллаштириш вазифасини ўз олдимизга қўйдик. Ушбу йўналишда техник стандартларни мослаштириш, инфратузилмани модернизациялаш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун биз кун тартибидаги долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилиш, мавжуд муаммолар ва уларни тартибга солиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг ветеринария ва карантин хизматларини ЕОИИ давлатларининг худди шу соҳалардаги инспекция органлари билан бирлаштириш учун майдон яратишимиз мумкин.
ЕИК вазирининг таъкидлашича, олдинда миллий маҳсулотларни ўтказиш тизимини ягона тармоққа бирлаштириш вазифаси турибди. Бу борада Артак Камалян ЕОИИ ташкилотининг маҳсулот тақсимлайдиган ягона тармоғи Иттифоқнинг ўзаро ва ташқи савдосини кучайтиришга, транспорт оқимини мақбуллаштириш, ишлаб чиқариш ва маҳсулот сотиш билан боғлиқ логистик ва умумий харажатларни камайтириш учун кўмаклашиш, охир-оқибатда истеъмолчиларни сифатли, янги маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилиши лозим, деган фикрни илгари сурди.
- Давлат органларининг мамлакатингиздаги бизнес ҳамжамияти иштирокидаги таклифларини Иттифоқ мамлакатлари билан ҳамкорликда кўриб чиқиш ва биргаликда ишлаб чиқишдан мамнун бўламиз, – дейди Aртак Камалян. Савдони ривожлантириш, Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни яратиш ЕОИИда алоҳида қизиқиш уйғотади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан ЕОИИ мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқ ҳажми юқори бўлиб, 2020 йилда ЕОИИ мамлакатларидан Ўзбекистонга экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги хомашёси ва озиқ-овқат маҳсулотлари 1,7 миллиард долларни ташкил этган. 2019 йилга нисбатан 38,2 фоизга ошган. Ўзбекистондан ЕОИИ давлатларига импорт ҳажми эса 12,3 фоизга ўсиб, 656,4 миллион долларни ташкил этган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми фермер хўжаликлари томонидан етиштирилади. Шу муносабат билан Иттифоқ давлатлари ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ва логистик инфратузилма самарадорлигини ошириш учун салоҳият мавжуд.
Ўтган йили ЕОИИ бўйича умумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш кўрсаткичи 2019 йилга нисбатан 2,3 фоизга ўсган. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши барча Иттифоқ давлатларида кузатилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА