Енгил саноат янада ривожланади
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров уюшма фаолияти ва кейинги йилларда эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди.
Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 сентябрдаги «Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров уюшма фаолияти ва кейинги йилларда эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги фармони билан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ташкил этилди ва тармоқни ривожлантириш мақсадида уюшмага бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Унга мувофиқ, юртимизда енгил саноатни ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда тармоқда 7 мингга яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Фаол инвестициявий сиёсат ва ишлаб чиқариш қувватларининг оширилиши туфайли кейинги йилларда асосий хом ашё бўлмиш юқори сифатли пахта толасини юртимизда қайта ишлаш сезиларли даражада ўсди. Республикамизда ишлаб чиқарилаётган пахта толасининг 80 фоиздан, ип калаванинг 45 фоиздан кўпроғини қайта ишлаш бўйича қувватлар яратилди. 2018 йилда тайёр маҳсулот экспорти ҳажми 1,6 миллиард АҚШ долларига етказилди ва жорий йил якуни бўйича 2,2 миллиард долларга, 2025 йилда эса 7 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган.
– Бугунги кунда енгил саноатни мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоқлари қаторида уни янада ривожлантириш долзарб вазифалардан, – деди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бўлим бошлиғи Сардор Одинаев.– Жорий йил 16 сентябрь куни қабул қилинган қарор бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Унда енгил саноатнинг тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда инвестиция лойиҳалари ижросини таъминлаш каби бир қатор топшириқлар белгилаб берилган. Шу билан бирга, тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси етти йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича харажатлар суммасига камайтирилади. Бундай қулайликлар эса тармоқнинг ривожланиши ва соҳада фаолият юритаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан эътиборлидир.