Енгил атлетикачиларимиз Токиога етиб борди
Беш кундан бери катта ҳаяжон билан давом этаётган XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг бир қатор йўналишларида ғолиблар аниқланган бўлса, яна бир нечта спорт турлари бўйича баҳслар бошланиш арафасида.
Яна икки кундан сўнг, яъни 30 июль куни олимпия ўйинларининг енгил атлетика баҳслари старт олади.
Кеча “Токио-2020” ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон енгил атлетикачилари Туркияда 6 июлдан бери давом этаётган сўнгги ўқув-машғулот йиғинини якунлаб, бугун Япония пойтахтига етиб боришди.
Хабарингиз бор, Токио олимпиадасида 7 нафар енгил атлетикачимиз ўз йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боради. Баландликка сакраш баҳсларида Светлана Радзивил ва Савина Саъдуллаев, уч хатлаб сакрашда Роксана Худоёрова ва Руслан Қурбонов, узунликка сакрашда Дарья Резниченко, босқон улоқтиришда Суҳроб Хўжаев, етти кураш беллашувларида эса Екатерина Воронина ёзги олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Тўлқин Рўзиев