Энг яхши ёш дизайнерлар маҳоратини кўрсатди
Пойтахтимизда ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, миллий мода саноатини ривожлантириш ҳамда истеъдодли ёшлар учун янги профессионал имкониятлар яратишга қаратилган “МODA YOʻLI” республика кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги ва Қизлар академияси томонидан Дизайнерлар клуби иштирокида ташкил этилган мазкур танловда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан сараланган 55 нафар ёш дизайнер ўз муаллифлик коллекцияларини намойиш этди.
Тадбирда қайд этилганидек, танловнинг туман ва ҳудудий босқичлари юқори савияда ташкил этилди. Ушбу саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 55 нафар иқтидорли дизайнер қиз республика босқичига етиб келди.
Финал намойишида коллекциялар подиумда тақдим этилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
[gallery-31943]
Ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўрин 25 миллион сўмлик, 2-ўрин 15 миллион сўмлик, 3-ўрин 10 миллион сўмлик ваучер билан тақдирланди. Гран-при соҳибига 100 миллион сўмлик хорижда таълим олиш ва малака ошириш дастури тақдим этилди.
Мукофотларнинг умумий қиймати 300 миллион сўмни ташкил этди. “MODA YOʻLI” лойиҳаси ёш дизайнерларнинг профессионал ривожланиши, ўз брендларини шакллантириши, миллий мода маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва халқаро тажрибани ўрганишга хизмат қилади.
Финал якунида ғолиблар эълон қилиниб, диплом ва ваучерлар тантанали равишда топширилди.
Гулноза Бобоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА