Энг яхши тарбиячилар тақдирланди
Андижонда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” анъанавий республика кўрик-танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир очилишида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Шукуров ва бошқалар мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган ёш авлодни билимли, салоҳиятли ва баркамол вояга етказишда тарбиячининг ўрни ва роли, масъулияти ниҳоятда муҳим эканлиги, ушбу танлов тарбиячиларнинг касбий билим, малака ва тажрибаларини бойитишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Мактабгача таълим ташкилотларида иш олиб бораётган юқори малакали тарбиячиларни аниқлаш, уларнинг педагогик маҳорати ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, касбий фаолиятида креативлик ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, илғор иш тажриба ва услубларини оммалаштириш мақсадида ўтказилган танловнинг қуйи босқичларида 1 минг 920 нафар тарбиячи иштирок этди.

Танловнинг вилоят босқичида 8 та номинация бўйича туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 100 нафардан зиёд илғор, фаол ва намунали тарбиячиларнинг тақдимотлари, иш ҳужжатлари ҳакамлар томонидан белгиланган шарт ва мезонлар асосида кўриб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, “Энг намунали тарбиячи”, “Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Рақамли ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи” сингар 8 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.