Энг яхши китобхонлар аниқланди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида курсантлар ўртасида “Энг яхши ёш китобхон” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Мазкур танловда академиянинг 50 нафардан ортиқ курсантлари 3 та шарт бўйича беллашдилар.
Танловни Академия бошлиғи Музаффаржон Мамасиддиқов очиб, ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, китоб ўқиш маданиятини шакллантириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири эканини қайд этди.

Китоб ақлни чархлайдиган, инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан бири экани, бугунги кунда ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг бадиий адабиётга қизиқишини ошириш мақсадида мунтазам равишда турли тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодкорлар билан учрашувлар ва танловлар ўтказилиб келинаётгани эътироф этилди.

Танлов доирасида 200 тадан ортиқ китоблар жамланмаси Академия ахборот-ресурс марказига совға қилинди.
Кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Танлов якуний натижаларига кўра, 2-батальон курсанти Жон-Муҳаммад Аҳадов биринчи ўринни эгаллаб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни эса Шоҳжаҳон Нуруллаев эгаллаган бўлса, фахрли учинчи ўрин Фазлиддин Адиловга насиб этди.

Танловда Жон-Муҳаммад Аҳадов Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ўтказиладиган “Энг яхши ёш китобхон” кўрик-танловига йўлланмани қўлга киритди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар ҳамда фаол қатнашган иқтидорли курсантлар диплом, китоблар тўплами ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА