Энг яхши лойиҳалар аниқланди
Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма ва комедия театрида “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2017” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма ва комедия театрида “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2017” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вилоят бош бошқармаси, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилган танловда 48 нафар ёш тадбиркор қиз ўз бизнес лойиҳаси билан иштирок этди.
– Танловдан кўзланган мақсад қизларимизнинг тадбиркорлик борасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш, истиқболли лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратишдир, – дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруков. – Жорий йилда вилоятдаги 117 касб-ҳунар коллежини битирган 20 минг қизнинг 2 минг 870 нафари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган. Коллежлар қошида ташкил этилган битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи штаблар аъзолари улар билан суҳбатлар ўтказди. Тақдим этилган бизнес-режалар ўрганилиб, 2 минг 273 нафар қизнинг лойиҳаси саралаб олинди. Мутасадди ташкилотлар томонидан улар иштирокида кредит олиш, бизнес юритиш, банк билан муносабат, солиқ имтиёзлари мавзуларида 500 дан зиёд семинар ўтказилди.
“Ишлаб чиқариш борасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналишида Пахтаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ф.Қаҳрамонова, Марҳамат қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси М.Райимжонова, “Сервис соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналишида Балиқчи иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ш.Маматкаримова, Балиқчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси Г.Каримова, “Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг яхши тадбиркор қиз” йўналишида Марҳамат агросаноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси М.Юсупова, Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси С.Турсунова ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
42 нафар иштирокчига Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан имтиёзли кредит ажратилишини кафолатловчи сертификатлар топширилди.