Энг намунавий хотин-қизлар фаоли
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Сайқал” маҳалласи фаоли Нафиса Ўроқбоева хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда соғлом муҳитни таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, ижтимоий низоларни бартараф этиш ва ёшлар тарбияси соҳасида самарали фаолият олиб бормоқда.
Унинг ташаббуси билан ташкил этилган “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси” маҳаллада тизимли фаолият юритиб, ижобий натижаларга эришмоқда.
У 2024 йилда Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган “Энг намунавий ҳуқуқ тарғибот маскани” республика кўрик-танловида “Энг намунавий хотин-қизлар фаоли” номинациясида 1-ўринни қўлга киритди. Жорий йилда эса Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида унинг фақат бир кунлик фаолияти ўрганилиб, намуна сифатида оммалаштирилди.
– Ростини айтсам, бу ютуқ – нафақат менинг, балки оилам, яқинларим ва маҳалламизда мен билан елкадош бўлиб меҳнат қилаётган фидойи жамоамиз саъй-ҳаракатларининг амалдаги самарасидир, – дейди Нафиса Ўроқбоева.

Эътиборли жиҳати шундаки, Нафиса Ўроқбоеванинг ҳаракатлари туфайли ноқонуний никоҳда яшаб келаётган ўндан ортиқ оиланинг муносабатлари расмийлаштирилди. Шунингдек, таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Қизларжон” клуби орқали қизлар ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишлари кучайтирилиб, маҳаллада ижтимоий барқарорликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшилмоқда.
– Нафиса – фаол, ташаббускор ва масъулиятли хотин-қизларимиздан бири, – дейди Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиева.– Унинг маҳаллада хотин-қизлар билан иш олиб бориш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, маънавий ва ахлоқий тарбияни кучайтириш йўлидаги хизматлари эътирофга лойиқ. Унинг фаолияти шаҳар ва вилоят миқёсида ҳам намуна сифатида баҳоланмоқда. Бундай фидоийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамият тараққиётининг гаровидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири