Энг моҳир мерганлар аниқланди
Мудофаа вазирлигининг Термиз дала ўқув майдонида Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмлар ҳамда Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари ўртасида вилоят ҳокими соврини учун “Мерганлар марраси” мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ўтказилган беллашувда куч тузилмалари мерганлари ўқ отиш бўйича ўзаро беллашиб, маҳоратларини намойиш этди.


Мазкур мусобақа ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга ва ўзи танлаган касбига муҳаббат ҳиссини уйғотиш, улар ўртасида соғлом муносабатларга асосланган замонавий ҳарбий анъаналарга эга қўшинларни шакллантириш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириб, мерган бўлинмалари ва мерган мутахассисларнинг тайёргарлик даражасини такомиллаштиришга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.
Беллашув жараёнида улар узоқ масофаларга аниқ отиш бўйича амалий кўникмаларини ривожлантириб, ўзаро тажриба алмашди. Билим ва маҳоратларини оширди. Интеллектуал салоҳияти ва етакчилик қобилиятини юксалтирди.

Мусобақа якунида “Якка тартибдаги мерганлар” йўналишида Жануби оператив қўмондонлиги кичик сержанти А. Абдулхамидов биринчи, вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли ҳарбий қисмнинг I даражали сержанти Ж. Боймуродов иккинчи ҳамда Жанубий оператив қўмондонлигининг Хайрабод гарнизони ҳарбий қисми контракт бўйича ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Ж. Олимов учинчи ўринларни эгаллади. “Мерганлар жуфтлиги” номинациясида Жанубий оператив қўмондонлигининг Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм жамоаси фахрли биринчи, вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли ҳарбий қисм жамоаси иккинчи ҳамда давлат хавфсизлиги чегара қўшинлари ҳарбий қисм жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиблар вилоят ҳокимининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, беллашувда фаол иштирок этган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири