Энг моҳир мерганлар ғолиб бўлди
Наманганда спортнинг ёзги Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган ҳаво милтиғидан ўқ отиш тури бўйича вилоят ҳокими кубогининг иккинчи босқич мусобақалари бўлиб ўтди.
Наманганда спортнинг ёзги Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган ҳаво милтиғидан ўқ отиш тури бўйича вилоят ҳокими кубогининг иккинчи босқич мусобақалари бўлиб ўтди.
Мусобақа Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш, ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган спорт ва жисмоний тарбия тадбирлари доирасида ташкил қилинди.
Вилоят биринчилигида вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази, шаҳар ва туманлар ўқув спорт техника клубларининг 13 та жамоаси таркибида 9 ёшдан 31 ёшгача бўлган 170 нафардан зиёд, жумладан 80 нафарга яқин спортчи қизлар иштирок этди.
Икки кун мобайнида қизғин ва муросасиз кечган мерганлик беллашувлари натижасига кўра, ҳаво милтиғидан ўқ отиш баҳсларида биринчи ўринни қиз ва ўғил болалар ўртасида Д.Ҳайдарова ва Ж.Ахмедов (Наманган шаҳар ЎСТК), ўсмирлар қизлар ўртасида А.Себова, (вилоят ТАСТМ), ўсмирлар ўртасида Д.Назаров, аёллар ўртасида Ғ.Юсупова, эркаклар ўртасида М.Аҳмадалиев (Наманган шаҳри ЎСТК) эгаллади.
Ҳаво тўппончасидан отиш бўйича ўсмир қизлар ўртасида А.Тарасова, ўсмирлар ўртасида М.Камолов (вилоят ТАСТМ), аёллар ўртасида К.Исҳоқова (Наманган шаҳар ЎСТК) ва эркаклар ўртасида В.Кондаков (вилоят ТАСТМ) га муносиб рақиб чиқмади.
Умумжамоа ҳисобида вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасини эгаллади. Иккинчи ўринни Наманган ва учинчи ўринни Уйчи тумани Ўқув спорт техника клублари ишғол этди.
Ғолиб ва совриндорлар тегишли даражадаги медаллар, фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.