Энг кучли ўсмир дзюдочилар сараланмоқда
Қарши шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида ўтаётган Ўзбекистон чемпионатига «Геолог» спорт мажмуаси мезбонлик қилмоқда.
Мамлакат биринчилигида 2008-2009 йилларда таваллуд топган ёш дзюдочилар мусобақанинг илк кунида қизлар -40, -44 ва -48 кг. вазн тоифаларида, ўғил болалар эса -50, -55 ва -60 кг. вазнларда баҳсларга киришди.

Чемпионатнинг ўғил болалар орасида беллашувларда Сардор Ёдгоров (Хоразм), Хушнудбек Бурҳонов (Самарқанд), Дилшод Каримов (Бухоро) ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлубиятга учратган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, қизлар ўртасида Алина Колючева (Тошкент вилояти), Динора Ҳасанова (Жиззах) ва Наргиза Дўстмаматовалар (Қашқадарё) финал баҳсларида муваффақиятга эришиб, ўз вазнларида тенгсиз бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 12 декабрь кунига қадар давом этадиган Ўзбекистон чемпионатида яхши натижа қайд этган полвонлар терма жамоа таркибидан ўрин олади ва келгусида бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА