Энг кучли дзюдочиларимиз Жиззахда жам бўлди
Жиззах шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди.
Ушбу мусобақа «Жиззах киберспорт аренаси» мажмуасида ўтказилмоқда. 24 ноябрь кунига қадар давом этадиган мазкур мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 300 нафардан зиёд спортчи ўзаро рақобатлашмоқда. Бугун чемпионатнинг илк кунида эркаклар -60, -66 кг, аёллар эса -48 ва -52 кг вазн тоифаларида татамига чиқади.
Ушбу мусобақадан кўзланган мақсад мамлакатимиз аҳолиси ўртасида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган дзюдо спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва улар орасидан яхши натижа қайд этган полвонларни терма жамоа таркибига қўшиб олган ҳолда келгусидаги нуфузли мусобақаларда юқори марраларни забт этишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги Ўзбекистон чемпионатида асосий рақобат Хоразм ва Қашқадарё вилояти дзюдочилари орасида бўлган эди. Унда Хоразм вилояти жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза жами 9 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўриндан жой олган. Қашқадарё вилояти терма жамоаси 2 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза жами 13 та медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА