Энг кучли дзюдочиларимиз аниқланмоқда
Пойтахтимиздаги "Юнусобод" спорт саройида дзюдо бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда.
Мазкур чемпионат Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз дзюдо федерацияси томонидан юртимизда Олимпия спорт турларидан жой олган дзюдони аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, ёш спортчиларни терма жамоага қўшиш ва улар орасидан иқтидорлиларини саралаш ҳамда келгуси мусобақаларга пухта тайёрлаш мақсадида ташкил этилди. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан жам бўлган сара дзюдочилар уч кун давомида жами 14 та (7 та аёллар, 7 та эркаклар) вазнда ўзаро рақобатлашади.

Дастлабки кунги баҳсларда эркаклар 60, 66, аёллар эса 48, 52 вазн тоифаларида беллашди. Хотин-қизлар ўртасидаги 52 килограммгача вазн тоифасида Гулҳаё Жўраева (Қашқадарё), Ситора Элмуродова (Тошкент), Зухра Маъмуржонова (Андижон) ва Муҳайё Аҳматова (Қашқадарё) шоҳсупага кўтарилган бўлса, 48 кг вазнда Улбусин Ҳакимова (Сирдарё), Севинч Муродова (Жиззах), Дурдона Эргашбоева (Андижон), Маржона Салоҳитдинова (Сурхондарё) ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Эркаклар орасида 66 килограммгача бўлган вазнда Абдураҳим Нутфуллаев (Тошкент вил.) барча рақибларини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди. Бобур Ваджиев (Тошкент вил.) финалга қадар муваффақиятли етиб борди ва кумуш медалини қўлга киритди. Шунингдек, ушбу вазнда Дилшод Йўлдошев (Қашқадарё) ҳамда Замаҳшарий Бекмуродов (Бухоро) бронза медалига сазовор бўлди. 60 кг вазн тоифасида эса Достон Рўзиев (Қашқадарё) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Унга финалда қаршилик қилган Камолиддин Бахтиёров (Қашқадарё) иккинчи, ярим финалга қадар етиб борган Анвар Иброҳимов (Бухоро) ва Имомаддин Каримов (Хоразм) учинчи ўринни эгаллади.
Чемпионат давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА