Энг кўп балиқ овланган вилоятлар
Республикамизнинг қайси ҳудудида қанча маҳсулот етиштирилди, қанча маҳсулот экспорт қилинди, қанча балиқ овланди ва ҳоказо каби маълумотлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Шахсан мен учун доимо қизиқ бўлган.
Давлат статистика қўмитаси мамлакатимизнинг қайси ҳудудида қанча балиқ овланганлиги тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Ушбу маълумотлар билан танишиб, бу борадаги шахсий ўйларим нотўғри эканлигига гувоҳ бўлдим.
Чунки мен, энг кўп балиқ мамлакатимиздаги энг катта – Орол ҳамда Айдар-Арнасой кўллари бўйида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Навоий вилоятлари балиқчилари ҳисобига тўғри келади, деган фикрда эдим...
Ушбу маълумотга кўра, ўтган тўққиз: январь-сентябрь ойлари давомида 7 минг 700 тонна балиқ овлаган Жиззах вилояти балиқчилари республикамизда 5-поғонада, ота-боболари балиқчилик билан шуғулланиб келган Қорақалпоғистон Республикасида эса 9 ойда 5 минг 700 тонна балиқ овланган бўлиб, мамлакат миқёсида бор-йўғи 7-ўрин қайд этилибди.
Балиқ овлаш бўйича Хоразм вилояти етакчилик қилмоқда. Вилоят балиқчилари ўтган 9 ой давомида, ҳудудлар кесимида энг кўп – 13 минг 900 тонна балиқ овлаб, ушбу парҳез таомни эл дастурхонига тортиқ этган.
Шеърият мулкининг султони Мир Алишер ҳазратларининг номи билан юритилувчи вилоятда ҳар ҳолда янглишмаган эканман. Бу борада Навоий вилоятилик балиқчилар мамлакатимизда иккинчи ўринни банд этиб, ўтган 3 чорак давомида 8 минг 300 тонна балиқ овлаб, иккинчи поғонани банд этибди.
Учинчи ўринни эса ўтган 9 ой давомида 7 минг 800 тонна балиқ овланган Андижон вилояти балиқчилари эгаллаган. Инсон саломатлиги учун энг фойдали маҳсулотлардан бўлган балиқни овлаш бўйича кучли олтиликни 7 минг 700 тонна билан Тошкент вилояти (4-ўрин) ва 6 минг 100 тонна билан Фарғона вилояти (6-ўрин) балиқчилари эгаллаган.
Ҳудудлар кесимида кейинги ўринлардаги Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг ҳар бирида 5 минг 600 тоннадан, Қашқадарё вилоятида 4 минг 500, Сирдарё вилоятида 4 минг, Наманган вилоятида 3 минг 400 ва Сурхондарё вилоятида 2 минг 900 тонна балиқ овланган. Поёнига етиб бораётган 2022 йилнинг ўтган (9 ойи) январь-сентябрь ойлари давомида мамлаказитимиз ҳудудларида, жами бўлиб 83 минг 300 тонна балиқ овланган. Кексаларимиз айтганидек, борига барака.
Сиз бор, омон экансиз, ушбу луқмаи-ҳалол элимиз дастурхонини асло тарк этмайди, қаддидан ҳам, қадри баланд балиқчилар.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА