Энг ишбилармон аёл ғолиб бўлади
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясининг Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг маҳаллалар саралаш босқичи бўлиб ўтди.
“Чекирчи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тадбиркор аёл Шаҳноза Ширинованинг фаолияти танлов ҳайъати аъзолари томонидан юқори баҳоланди. У 15 йилдан буён турли гуллар парвариши билан шуғулланиб, оиласининг даромадини ошириб келмоқда. Шунингдек, гулчилик сирларини маҳалла аёлларига ўргатиб келмоқда.

“Янгибозор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишбилармон аёл Гулнора Олимованинг фаолияти ҳам кўпчиликка манзур бўлди. У иккинчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамасдан тўқиш ва тикиш бўйича 10 йилдан буён самарали фаолият юритмоқда. Аҳолидан тушаётган буюртмалар асосида Г.Олимова ва унинг шогирдлари томонидан аёллар рўмоли, эркаклар бош кийими, болаларга мўлжалланган кийим-кечаклар, шарфлар ишлаб чиқарилмоқда. Шу тариқа ҳар ойда 7-8 миллион сўмга яқин даромадга эришиляпти.

“Эски Қалъа” маҳалла фуқаролар йиғини “Табиблар” кўчасида яшовчи З. Аҳмедова ёш бўлишига қарамасдан ўз фаолиятини йўлга қўйган. У мунчоқлар ёрдамида аёлларнинг кичик сумкалари, турли тақинчоқлар ясамоқда. Ушбу маҳалла фуқаролар йиғиндаги Н.Ҳайитова эса миллий ҳунармандчилигимизнинг қуроқчилик йўналиши бўйича фаолият юритмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари Шаҳноза Ширинова, Гулнора Олимова, Зиёда Аҳмедова, Сабоҳат Жўраева, Феруза Шукурова, Наргиза Ҳайитова ҳамда Зайнаб Самадоваларнинг ҳунармандчилик фаолиятларини ўрганиб, уларни “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг кейинги босқичига иштирок этишга тавсия этди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири