Энг фаол китобхон ёшлар аниқланди
Сирдарёда ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, бадиий адабиётга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда мутолаани ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айлантиришга қаратилган “Мутолаа марраси” лойиҳаси бўлиб ўтди. Танлов якунида энг билимдон ва зукко иштирокчилар аниқланиб, муносиблар тақдирланди.
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур лойиҳада Гулистон давлат университетининг 100 нафардан ортиқ талаба-ёшлари иштирок этишди. Тадбир ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маънавий камолотини юксалтириш ва мутолаа маданиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Лойиҳа доирасида иштирокчилар “Мутолаа” иловаси орқали ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт муаллими” ҳикоясини биргаликда тинглашди. Асар мазмунини диққат билан ўзлаштирган ёшлар кейинги босқичда ҳикоя асосида тайёрланган тест саволларига жавоб беришди. Шу тариқа иштирокчилар нафақат ўз билимларини синаб кўриш, балки асарни англаш, диққатни жамлаш ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этиш имконига эга бўлишди.

Қизғин ва дўстона рақобат муҳитида кечган танлов якунида энг юқори натижа кўрсатган иштирокчилар ғолиб деб топилди. Унга кўра, биринчи ўринни Ўғулой Набиева, иккинчи ўринни Шаҳзода Эшпўлатова, учинчи ўринни эса Маржона Аҳмаджоновалар эгаллашди.
Ғолиблар вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан “Мутолаа премиум” ҳамда “Қизлар академияси” карталари билан тақдирланишди.

Сирдарёда ўтказилган мазкур лойиҳа ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг адабиётга бўлган меҳрини ошириш ва фаол, билимга чанқоқ ёшларни рағбатлантиришга қаратилган эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири