Энг фаол китобхон оилалар аниқланди
Андижонда мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами арафасида "Биз - китобхон оиламиз!” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Маҳаллалар, оилалар ўртасида китобхонлик кенг тарғиб этиш, оилавий китобхонлик анъаналарини ривожлантириш, мутолаа маданиятини юксалтириш, ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш, маҳаллаларда китобхон оилалар ҳаракатини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган танловнинг очилиш маросимида китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаёти ва инсон камолотидаги ўрни ҳамда аҳамияти ниҳоятда катта эканлиги, китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда албатта, ўз ўрнини топиши, ҳурмат ва эътибор қозониши, ёшларнинг, ҳар бир оиланинг китоб ўқишга қизиқиши, мутолаа маданиятини ошириш борасидаги ишларни янада юксалтириш муҳимлиги таъкидланди.
Вилоят босқичида танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган оилалар иштирок этиб, “Бадиий асарлардан келтирилган парчаларни шарҳлаш” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари асосида ўзларининг китобхонлик борасидаги билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.


Қизиқарли, муросасиз баҳслар билан ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган Шаҳрихон тумани Сўзоқ маҳалласида яшовчи Зулайҳо ва Илҳомжон Абдужабборовлар оиласи ғолиб деб топилди.
Танловда иккинчи ўрин Андижон шаҳрининг Мирпўстин маҳалласида яшовчи Зулхумор ва Қаҳрамонжон Тожибоевлар оиласига, учинчи ўрин эса Булоқбоши туманидаги Буюк Турон маҳалласида яшовчи Инобатхон ва Абдумаҳмуд Ғозиевлар оиласига насиб этди.


Ғолиб ва совриндолар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири