Энергия ресурсларини тежаш давр талаби
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида маҳсулот таннархини пасайтириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий тизим йўлга қўйилган. У орқали муҳандис-техник ходимлар ва ишчиларни операцион самарадорлигини юксалтириш ҳамда ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш бўйича таклиф ва ғояларини рағбатлантиради.
Мазкур тизим доирасида ходимлар ўз лойиҳа таклифларини онлайн тарзда ишчи комиссияга тақдим этади. Илгари сурилган ғоялар орасидан энг истиқболли, иқтисодий ва амалий жиҳатдан самарали деб топилганлари босқичма-босқич амалиётга жорий этилиб, муаллифлар мунтазам равишда пул мукофотлари билан рағбатлантирилиб борилмоқда. Бу эса энергоресурсларни тежаш бўйича ғоялар ҳаракатини комбинатда кенг жорий этиш ва уни замонавий босқичга олиб чиқишга замин яратмоқда.

Хусусан, Саноат темирйўл транспорт бошқармасида ташкил этилган навбатдаги тадбирда ҳам бир қатор лойиҳа ва таклифлар ишчи комиссияси томонидан кўриб чиқилди. Унда меҳнат жамоаси томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга ошириш режалаштирилган 8 та янги лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди.

Ғоя муаллифлари ўз лойиҳаларининг тақдимотини ўтказиб, ишчи комиссия аъзоларига лойиҳанинг аҳамияти, иқтисодий самарадорлиги бўйича батафсил маълумотларни берди. Аҳамиятлиси, таклиф этилган ғояларнинг йиллик иқтисодий самараси 2,9 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Шунингдек, тадбир мобайнида комбинатда маҳаллийлаштириш дастурининг бош ижрочиси Марказий таъмирлаш механика заводининг 5 нафар ходими томонидан ҳам тайёрланган лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди. Завод ходимлари таклиф этган ғояларнинг йиллик иқтисодий самараси эса 146,7 миллион сўмни ташкил этяпти.

Ишчи комиссия масъуллари томонидан энергетика ва механика йўналиши бўйича тақдим этилган ҳар бир таклифнинг ютуқ ва камчиликлари кўрсатиб ўтилди. Ғояларнинг ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этилишида ҳар томонлама пухта ҳисоб-китобларга таяниш лозимлиги таъкидланди. Мутахассислар томонидан ғоя муаллифлари таклиф этаётган лойиҳалар асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни маҳаллийлаштирилишига эътибор қаратиш кераклиги айтиб ўтилди.

Ишчи комиссияси аъзолари томонидан муаллифларга лойиҳаларни янада такомиллаштириш, таннархни оптималлаштириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча тавсиялар берилди. Мазкур таклифлар қайта ишланиб, иқтисодий самарадорлиги тасдиқлангач, ишлаб чиқаришга кенг жорий этилиши кераклиги айтилди.
Мутахассислар маълумотига кўра, айни пайтда комбинатда энергоресурсларни тежаш бўйича 6 та йўналишда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида ОКМКда технология, энергетика, механика, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, металлургия каби йўналишлар бўйича жами 132 та лойиҳа таклифи амалга оширилди.
Натижада корхонада йиллик ҳисобда 457,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ иқтисод қилинади. Шунингдек, 71 миллион кВт/соат электр энергияси, 276 минг куб метр табиий газ ҳамда 13 миллион куб метр техник сув сарфининг тежамкорлигига эришилди. Бу кўрсаткичлар маҳсулот таннархини пасайтиришнинг ишончли ва кафолатланган омилларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, шу кунгача 62 та лойиҳа тўлиқ амалга оширилиб, ўзининг юқори иқтисодий самарасини намоён этди. Шулар ҳисобига қарийб 93,3 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилди.
А.Мусаев, ЎзА