Энергетика тизимида шаффофликни таъминлаш устувор вазифага айланмоқда
Мамлакатимизда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат идоралари фаолиятида адолат мезонларини мустаҳкамлаш муҳим. Айниқса, бунда энергетика каби стратегик аҳамиятга эга соҳада ҳалоллик ва масъулият тамойилларини кучайтириш амалий аҳамиятга эга.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент ҳудудий филиалида коррупцияга қарши курашишга бағишланган тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Филиал раҳбарияти ва мутахассислар иштирок этган ушбу учрашувда коррупция жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган хавф-хатарлардан бири экани қайд этилди.
Масъуллар айтиб ўтганидек, энергетика тизимида шаффофликни таъминлаш ва коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориш нафақат соҳанинг самарадорлигини оширади, балки аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Ҳар бир ходим ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, ҳалоллик ва адолат тамойилларига қатъий амал қилган тақдирда, тизимдаги барча жараёнлар очиқ ва самарали йўлга қўйилади. Бу эса, ўз навбатида, жамият тараққиётига мустаҳкам замин яратади.
Шунингдек, тадбирда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, коррупциявий хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Масъуллар томонидан соҳада шаффофликни таъминлаш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.
Тадбир якунида барча ходимларга ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариш, лавозим йўриқномаларида белгиланган талабларни пухта билиш ва уларга доимий амал қилиш зарурлиги тушунтирилди.
Айтиш керакки, бундай тадбирлар энергетика тизимида коррупцияга қарши самарали иммунитетни шакллантириш, шаффоф ва адолатли муҳитни қарор топтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА