Энергетика тизими такомиллашмоқда
Ушбу корхонанинг қурилиши 1960 йилда бошланиб, қуввати 25 минг кВт бўлган энг биринчи агрегати 1963 йилнинг 8 февралида тармоққа уланган эди.
“Навоий иссиқлик электростанцияси” акциядорлик жамияти – Навоий вилояти ва унга туташ минтақадаги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳамда маиший-коммунал сектор истеъмолчиларини иссиқлик ва электроэнергия билан таъминловчи йирик манба ҳисобланади.
Корхонада электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасини модернизация қилиш ва таъминотини яхшилаш, аҳоли ва мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу корхонанинг қурилиши 1960 йилда бошланиб, қуввати 25 минг кВт бўлган энг биринчи агрегати 1963 йилнинг 8 февралида тармоққа уланган эди.
Жамиятда 2012 йилда 478 мВт. қувватдаги замонавий буғ-газ қурилмаси фаолияти йўлга қўйилган бўлса, 2017-2019 йилларда лойиҳа қиймати 547,2 миллион долларлик 450 мВт қувватга эга иккинчи буғ-газ комплекси фойдаланишга топширилди.
Станциянинг қуввати 25 м.Вт бўлган энг биринчи агрегати 1963 йилнинг февралида тармоққа уланган вақтдан бошлаб то 2020 йилнинг биринчи январигача ишлаб чиқарган электр энергияси миқдори 368 миллиард 33 миллион кВт соатни ташкил этди. Шу давр мобайнида 155 миллион 542 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида 8 миллиард 598 миллион 900 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
2012 йилда Навоий электр иссиқлик станциясида республикамиз энергетика тизимида 478 мВт. қувватли энг биринчи йирик, комбинациялашган циклли буғ-газ қурилмаси лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилганди. Ушбу лойиҳадан мақсад – минтақадаги барча тоифадаги истеъмолчиларни электр энергияси билан янада барқарор таъминлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлиги, яъни ҳар бир киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғи сарфини камайтириш, шунингдек, корхона технологик фаолиятининг атроф-муҳитга зарарли таъсирини янада камайтиришдан иборат эди.
Лойиҳа қурилиши Испаниянинг "Initeс energia” ҳамда Туркиянинг "Çalik energi” компанияларининг ўзаро ҳамкорликдаги ташкилоти билан амалга оширилди. Янги лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 1 кВт.соат электр энергияси учун сафланадиган шартли ёқилғи сарфи 235 граммни ташкил қилмоқда. Анъанавий қурилмаларда эса бу кўрсаткич 370-400 грамм ва ундан ҳам ортиқ рақамларни ташкил қилар эди. Биринчи қурилма ишга туширилган 2013-2019 йиллар мобайнида 1,2 триллион сўм қийматдаги иқтисод қилиб қолинган табиий газ миқдори салкам 3 миллиард м3ни ташкил қилмоқда.
Ушбу лойиҳа ишга туширилиши билан унинг қувватини истеъмолчиларга барқарор етказиб берилишини таъминлаш мақсадида станциянинг 220 кВт. кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмаси нимстанциясини ҳам реконструкция қилиш зарурати туғилди. Ушбу лойиҳа қурилиши билан бир пайтда очиқ тақсимлаш қурилмаси нимстанциясини реконструкция қилиш инвестиция лойиҳаси ҳам амалга оширилди.
2017-2019 йилларда станцияда қуввати 450 мВт. бўлган комбинациялашган циклли иккинчи буғ-газ қурилмаси лойиҳаси амалга оширилди, – дейди буғ ва газ трубиналари цехи бошлиғи Ихтиёр Абдуллаев. – Лойиҳа 2019 йилнинг охирида ишга туширилди. Биринчи қурилмадан фарқли ўлароқ, ушбу лойиҳада 200 Гкал. – 100 Гкал. иссиқлик тармоғи учун иссиқ сув кўринишида ҳамда 100 Гкал. саноат буғи кўринишида иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Ушбу лойиҳани амалга оширишдан кўзда тутилган яна бир мақсад – иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ҳам модернизация қилишдан иборат эди. Қурилмада иссиқлик энергияси ҳам ишлаб чиқилиши натижасида 1 кВт.соат электр энергиясига шартли ёқилғи сарфи 195 грамм миқдорни ҳамда унинг фойдали иш коэффициенти 60 фоизни ташкил қилмоқда. Қурилманинг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи 3 миллиард 276 миллион кВт.соат бўлиб, йиллик 500 миллион м3 миқдорда табиий газ ёқилғисини тежаб қолиши кутилмоқда.
– Ушбу лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – Марказий Осиёда биринчи бўлиб буғ турбинасида сув билан совутиладиган конденсатор ўрнига ҳаво билан совутиладиган қурилма ўрнатилди. Бу суғориладиган деҳқончилик қилинадиган шароитда ниҳоятда муҳим афзалликларга эгадир. Биринчи лойиҳа қурилмаси билан солиштирганда бундай техник ечим – айланма сув таъминлаш тизими қурилма ҳамда иншоотларига хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш, фойдаланилган сув учун солиқ тўлаш, кимёвий реагентлар, технологик чиқиндиларни жойлаштириш учун ҳар йили сарфланадиган миллиардлаб сўм маблағни тежаб қолиш демакдир, – дейди корхона директори матбуот котиби Истам Ҳамроев.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг кўрсатмасига асосан станцияни 2019-2023 йилларда ҳар бирининг қуввати 650 мВтдан бўлган навбатдаги учинчи ва тўртинчи комбинциялашган циклли буғ-газ қурилмалари лойиҳаларини амалга ошириш орқали кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш Навоий кон-металлургия комбинати ишлаб чиқариш қувватларининг ривожлантирилиши билан боғлиқ. Яқин йиллар ичида Қизилқум бағрида ўзлаштирилиши кутилаётган янги, ўнлаб конларни ишга тушириш учун янги қувват манбалари ҳам зарур бўлади. Учинчи ва тўртинчи лойиҳа қурилмалари қувватларини саҳро бағрига узатиш учун 220/500 кВт кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмаси нимстанцияси қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Ҳозирга келиб ушбу лойиҳалар учун ер ажратиш масалалари Кармана ва Навбаҳор туман ҳокимликлари томонидан тўлиқ ҳал этилган. Лойиҳаларнинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилган ва ушбу қурилмаларнинг атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги экология экспертизаси ўтказилиб, ижобий хулосалар олинган. Йил охиригача бош пудратчини аниқлаш учун лойиҳа қурилишини тендер савдоларига қўйиш кўзда тутилмоқда.
Иссиқлик электр станцияларида кенг кўламда олиб борилаётган инвестиция сиёсати доирасида 2023 йилгача иссиқлик электр станцияларида ишлаб турган газ турбинаси ҳамда буғ-газ қурилмалари сони 21 бирликка етиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида кун тартибига янги қурилмаларни эксплуатация қилувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи минг нафардан ортиқ малакали ходимлар тайёрлаш вазифасини қўяди.
– Станция жамоасининг энергетика тизимидаги қуввати 478 мегаватт бўлган илк буғ-газ қурилмаси йирик лойиҳа қурилиши, янги қурилмани эксплуатация қилиш давомида орттирган бой тажрибасини эътиборга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 сентябрдаги сайёр йиғилишида станция базасида ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлайдиган Ўқув маркази ташкил қилиш вазифаси қўйилган эди, – дейди корхона ходимлар бўлими бошлиғи Истам Сувонов. – Корхонада биринчи лойиҳа қурилиши даврида замонавий қурилмаларга ходимларни тайёрлаш жараёнида катта тажриба орттирилди. Кенг кўламда инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётган иссиқлик электр станциялари учун ходимлар тайёрлаш мақсадида “Навоий ИЭС” АЖда ўқув маркази ташкил қилинди. 2016 йилнинг сўнгги чорагида ушбу лойиҳада ҳомий сифатида иштирок этаётган Япониянинг “JICA” молиявий институти инструктор мутахассислари билан биргаликда дарс берувчи ходимлар танлаб олинди.
2018 йилда 12 йўналишдаги ўқув дастурларини тўлиқ ўтаб бўлган 14 нафар, асосан ёшлардан иборат бўлган станция ходимларига JICA экспертлари томонидан назарий ва амалий машғулотлар ўтиш ҳуқуқини берадиган сертификатлар тақдим этилди. JICA томонидан шунингдек, ўқув марказига 7 миллиард сўмлик ўқув-лаборатория жиҳозлари – газ турбинаси макети ва бошқа қурилмалар қисмлари намуналари, назорат-ўлчов востилари, металлни диагностика қилиш асбоблари, шунингдек, янги қурилмаларда содир бўлиши мумкин бўлган 200 га яқин авариявий ҳолатларни имитация қилиб берувчи компьютерли тренажёр қурилмаси етказиб берилди.
2020 йилнинг 1 январь ҳолатига марказда жами 200 нафар иссиқлик электр станцияларининг ходимлари тайёргарликдан ўтди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, электр энергияси ишлаб чиқариш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида соҳага ташқи инвестицияларни кенг жалб қилиш ва энергетика тизимини босқичма-босқич ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва иқтисодий асос яратилди. Энергетика тармоғини изчил ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида мамлакатимиз электр энергияси таъминоти бўйича ички бозор эҳтиёжини қоплаш билан бирга, уни экспорт қилувчи давлатлар қаторидан муносиб ўрин олди. Буни эса тизимда босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар ҳам кўрсатиб турибди.