Энергетика соҳасини ислоҳ қилишдан қандай натижалар кутилмоқда?
Бугун босқичма-босқич электр энергиясининг рақобатбардош улгуржи ва чакана бозорларини яратиш муҳим саналади. Бу йўналишдаги бозорда рақобатни қўллаб-қувватлаш, талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб.
Президентимизнинг 2023 йил 28 сентябрдаги “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам соҳа истиқболига доир бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Жумладан, тизимда инфратузилмани яхшилаш, истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига бўлган ўсиб бораётган талабини қондириш каби муҳим мақсадлар мужассам.
Юртимизда бу йўналишда кўп йиллар давомида тўпланган муаммоларни ҳал қилиш, соҳага замонавий механизмларни жорий қилиш, хусусий сектор улушини кўпайтириш, “яшил иқтисод”ни ривожлантириш ҳар доимгидан аҳамиятли. Зеро, истеъмолчини барқарор электр энергияси билан таъминлаш аҳоли турмушини яхшиловчи, мамлакат тараққиётини кафолатловчи муҳим омиллардан саналади.

Фармонга мувофиқ, энергетика бозори регулятори, яъни Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ташкил этилмоқда. Ҳукумат бўйсунувидаги мазкур Агентлик зиммасига бир қатор муҳим вазифалар юклатилган.
– Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорига ўтишни ташкил қилади, – дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳодир Жўраев. – Шунингдек, бу бозорнинг иштирокчиларига тенг ҳуқуқ ва шароитлар яратади. Энергетика бозори иштирокчиларини лицензиялаш ҳам шу агентлик зиммасида бўлади. 2026 йилдан электр энергиясини етказиб бериш, тақсимлаш тарифлари ва тўловларини тасдиқлайди. Инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш вазифалари ҳам шу агентликка юклатилади.
Бугун электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотига нарх белгилай олиш имкониятига эга эмас. Давлат истеъмолчини ўйлаган ҳолда ишлаб чиқарувчининг зарарини қоплаб беради. Бунда ишлаб чиқарувчи фаолиятига аралашув юзага келади. Соҳада нарх-навонинг эркин бўлмаслиги эса рақобат муҳитига таъсир қилади. Инвестицион жозибадорликни пасайтиради.
Ҳужжат билан “Ўзэнергосотиш” акциядорлик жамияти ҳам ташкил этилади. У электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажаради.
– 2025 йил 1 январдан бошлаб тизимда бир қатор ўзгаришлар бўлади, – дейди “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқарма бошлиғи Эркин Дўстёров. – Яъни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергияси экспорти ва импорти шартномалари, хусусий электр станциялари билан имзоланган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлари бўйича мажбуриятлари янги ташкил этилаётган акциядорлик жамиятига тўлиқ ўтказилади. Ҳужжатга кўра, истиқболда акциядорлик жамияти электр энергиясини талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шаклланувчи эркин нархларда онлайн савдо платформаси орқали сотади.
Таъкидланишича, бу платформа тўлиқ рақамлаштирилади. Унда йирик электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи харидорлар иштирок этади. Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан берилган лицензия асосида платформага кирилади.
Ресурсда электр энергияси бўйича талаб ва таклиф инобатга олинади. Яъни бозор механизмлари ишлайди. Йирик истеъмолчини ишлаб чиқарувчи томонидан таклиф этилаётган нарх, етказиб бериш қуввати каби шартларнинг бажарилиши қаноатлантирса харидор бўлади. Нархлар ҳам бозор тамойилидан келиб чиқиб шаклланади. Операторлар, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчилардан электр энергиясини харид қилиб, аҳолига ва кичик истеъмолчиларга узатади.

Шу ўринда савол туғилади. Бугунги кунда электрни узатиш тартиби қандай механизм асосида ишламоқда?
Айни тартибга кўра, йирик ишлаб чиқарувчилар марказлашган тартибда электр энергиясини “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга сотади. Бу акциядорлик жамияти эса электрни “Ҳудудий электр тармоқлари”га тўғридан-тўғри сотади. Истеъмолчиларга етказиб бериш функцияси тўлиқ “Ҳудудий электр тармоқлари”да қолган.
Келгусида истеъмолчига электр энергиясини етказиб беришга чакана савдо билан шуғулланувчи хусусий операторлар жалб қилинади. Бунда соҳадаги “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг монополияси тугатилиши назарда тутилган.
Икром Аввалбоев, ЎзА мухбири