Энергетика соҳасида янги ҳамкорлик
Тошкент вилоятида энергетика соҳасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев АҚШнинг Powerscape Global компанияси асосчиси ва бош ижрочи директори Карл Мур билан учрашди.
Мулоқот давомида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, янги саноат лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда энергетика соҳасида истиқболли ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, маҳаллий кўмирни чуқур қайта ишлаш орқали электр энергияси, ўғит ва ёқилғи ишлаб чиқариш, шунингдек, мазкур жараёнларга илғор технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, бундай лойиҳалар энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, мавжуд хомашёнинг қўшилган қийматини ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва саноат салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Powerscape Global компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Маълумот учун, Powerscape Global компанияси 2023 йилда АҚШда ташкил этилган бўлиб, кўмирни газлаштириш технологиялари асосида электр энергияси, ўғит ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ва бошқа саноат маҳсулотларини олиш йўналишида фаолият юритади.
А.Мусаев,ЎзА