Энергетика соҳасида мурожаатлар жойида ҳал этилиши таъминланмоқда
Энергетика соҳасида истеъмолчиларни ишончли электр ва газ таъминоти билан таъминлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни кучайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан.
Шу сабабли, жойларда сайёр қабуллар ўтказилиб, тизимдаги мавжуд муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш ва уларни тезкор ҳамда амалий ечимлар асосида бартараф этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ана шундай амалий ишлар доирасида Энергетика вазирлиги томонидан Андижон вилоятида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Андижон ҳудудий филиаллари, шунингдек, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг Андижон магистрал электр тармоқлари филиали масъул ходимлари иштирок этди.

Мазкур тадбир Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида ўтказилиб, унда фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан электр энергияси ва газ таъминоти, мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш, тармоқларга уланиш ҳамда соҳадаги бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Барча мурожаатлар масъуллар томонидан батафсил ўрганилиб, тегишли мутасадди ташкилотларга бириктирилди ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Энергетика вазири маслаҳатчиси Рўзиқул Райимов таъкидлаганидек, сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларни тезкор бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

– Сайёр қабуллар натижасида биз аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини бевосита жойида эшитиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда тезкор ва самарали ечимлар ишлаб чиқиш имкониятига эга бўляпмиз. Бунда ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди, балки алоҳида ўрганилиб, аниқ чоралар кўрилади. Энг муҳими, мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш ва тизимда узоқ муддатли барқарор ечимларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди у.
Айни пайтда Энергетика вазирлиги томонидан бундай сайёр қабулларни мунтазам ташкил этиш ҳамда аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш амалиёти изчил давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА