Эндрю Парсонсни ҳайратга солган Самарқанд
Халқаро паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс юртимизга ташрифи давомида кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрини зиёрат қилди.
Парсонс Шарқ гавҳари ҳисобланадиган Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, Регистон ансамбли, Улуғбек расадхонасини катта қизиқиш билан томоша қилди.
Бундан ташқари, Халқаро паралимпия қўмитаси президенти Самарқанддаги миллий хунармандчилик намуналари ва халқ амалий санъати дурдоналари билан танишди. У ноёб санъат асарлари, тарихий обидалар, қадимий қадамжолар, бетакрор маданий мерос бойликлари билан танишиш асносида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти нақадар юқори эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, жаҳон паралимпия ҳаракати раҳбари Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси билан ўрнатилган дўстона муносабатлар ҳамда халқаро миқёсдаги келишувлар асосида юртимизда паралимпия ҳаракатини юксалтириш, тарихий шаҳарларда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш борасида махсус дастур ишлаб чиқиш лозимлигини билдириб ўтди.
Халқаро паралипия қўмитаси президенти Эндрю Парсонснинг юртимизга амалга оширган ташрифи якунланди.
Т. Рўзиев,
ЎзА