Энди улар байрамни ўз уйларида нишонлашади
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрами арафасида Хўжаобод туманида 6 нафар уй-жойга муҳтож аёлга янги уй-жойлар топширилди.

Туман ҳокими Ўткирбек Шукуров, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тумандаги Мустақилликнинг 30 йиллиги маҳалласида барпо этилган кўп қаватли уйлардан ажратилган хонадонларни топширишга бағишланган тадбирда сўз олганлар барчани Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг ўттиз йиллиги билан ҳамда янги уй соҳибаларини муборакбод этди.

Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, қийин шароитларда яшаётган аёлларнинг муаммоларини бартараф этиш, уларга кўмаклашиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Хўжаобод туманида қийин шароитларда яшаётган, уй-жойга муҳтож бир гуруҳ аёлларга янги уйлар топширилганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

Чимбулоқ маҳалласидан бўлган Гулузро Расулованинг ота-онаси ўтиб кетган, уй-жойи йўқ. Шу боис, вояга етмаган фарзанди билан турли жойларда ишлаб, ўзи ишлаган корхонанинг қоровулхонасида яшаб келаётган эди.
Туман ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими кўмагида у энди ўз уйига эга бўлди.
– Эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди, – дейди Г. Расулова. – Мен каби ота-онасиз қолган аёлларнинг бошини силаётган давлатимизга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган барча инсонларга мингдан-минг раҳмат айтаман.

Узункўча маҳалласидаги нотурар жойда яшаб келган Мухиба Позилова ҳам янги уй соҳибасига айланди.
– Турмуш ўртоғим вафот этган, – дейди у. – Уй-жойим йўқлигидан уч нафар фарзандим билан кўп сарсон бўлдим. Бошимдан ўтган қийинчиликларни эсласам, юрагим орқага тортади. Ноилож тақдиримга шу битилган экан. Бугун эса дунёда мендан бахтли инсон йўқ. Давлатимизнинг эътибори туфайли янги уйли бўлдим.
Эътибор ва ғамхўрликдан кўнгиллари обод бўлган янги уй-жой соҳибалари мана шундай эзгу ва хайрли ишнинг бошида турган инсонларга, Президентимизга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА