Энди қурилишларда вақт ва маблағ тежалади (+видео)
Тошкент шаҳрида ўтказилган “Build Connect Forum 2026” форуми қурилиш соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва давлат ҳамда хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш учун муҳим майдонга айланди.
Қарийб 500 нафар тадбиркор, инвестор, девелопер ва мутахассис иштирок этган анжуманда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестицияларни жалб қилиш ва шаҳарсозликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланди. Агар 2016 йилда қурилиш ишлари ҳажми 30 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 314 триллион сўмга етди. Шу давр мобайнида 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар барпо этилди ва минглаб янги қурилиш корхоналари ташкил этилди.
Бугунги кунда қурилиш фақат бинони кўтариш эмас, балки шаҳарсозлик сиёсати, архитектура, экология ва замонавий инфратузилмани уйғунлаштиришни талаб қиладиган комплекс жараёнга айланди. Янги Ўзбекистонда қурилаётган объектлар шаҳарларнинг маданий қиёфаси, тарихий хусусиятлари ва замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилмоқда.
Форумда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Тойир Алиматов соҳани рақамлаштириш, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон Қурувчилар ассоциацияси раҳбари Мансур Ниёзмуҳаммедов эса очиқ мулоқот, тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш соҳанинг барқарор ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
— Бугун қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Қурувчилар ассоциацияси раҳбари Мансур Ниёзмуҳаммедов. — Табиийки, бозор кенгайган сари рақобат ҳам кучаяди. Шу нуқтаи назардан форумнинг асосий мақсади қурилиш бозори иштирокчилари ўртасида очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечимларини биргаликда излашдан иборат. Анжуманда қурилиш индустриясининг етакчи компаниялари, тадбиркорлар, инвесторлар, девелоперлар, архитекторлар ва мутахассислар иштирок этмоқда. Шунингдек, давлат идоралари вакиллари ҳам қатнашяпти. Бу эса соҳани ҳар томонлама ривожлантириш бўйича фикр ва таклифларни бир жойда муҳокама қилиш имконини бермоқда.
Энг муҳим вазифалардан бири — инвестициявий жозибадорликни ошириш ва бизнес учун янада қулай муҳит яратишдир. Шу билан бирга, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қурилиш жараёнларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳам долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан шу мақсадларга қаратилган. Бу платформа тажриба ва ғоялар алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда замонавий технологиялар билан танишиш имконини беради. Энг муҳими, соҳа вакиллари ўзларини қизиқтирган масалаларни бевосита муҳокама қилиб, амалий ечимлар топиш имконига эга бўлмоқда.
Шу билан бирга, соҳада муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, қурилишга рухсат олиш жараёнларининг мураккаблиги, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва ҳужжатларни келишиш муддатларининг чўзилиши тадбиркорларнинг асосий эътирозларидан бири бўлиб қолмоқда.
Жорий йил апрель ойида Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Йиғилишда қурилиш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, рақамлаштиришни кенгайтириш, инсон омилини камайтириш ва хизматларни онлайн шаклга ўтказиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
— Ушбу ўзгаришлар соҳадаги ортиқча оворагарчиликларни камайтириб, янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштирди, — дейди China House компанияси раҳбари Воҳиджон Мирзаев. — Шунингдек, қурилиш техникасини импорт қилишдаги бож тўловларини қайта кўриб чиқиш, ер ажратиш ва молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Урбанизация даражасининг ўсиши иқтисодий ривожланишга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис қурилиш соҳасини тизимли ислоҳ қилиш, шаҳарсозлик талабларини такомиллаштириш ва тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда.
Форумда билдирилган таклиф ва ташаббуслар қурилиш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли учун замонавий ва қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда шаҳарлар қиёфасини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги Ўзбекистонда қурилиш соҳаси учун катта имкониятлар яратилмоқда. Урбанизация жараёнлари жадаллашмоқда, аҳолининг замонавий уй-жойларга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда. Бу эса соҳанинг янада ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади. Давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик кучайгани сари қурилиш бозорида сифат, рақобат ва инвестициялар ҳажми ҳам ортиб боради. Бундай форумлар соҳанинг барқарор ривожланиши, янги ташаббуслар ва истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xXeXDHD1AXY" title="Endi qurilishlarda vaqt va mablag‘ tejaladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова,
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА