Энди аждодлар ҳақидаги маълумотларни “Шажара” ахборот тизими орқали излаш мумкин
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзархив” агентлиги томонидан “2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳамда архив соҳасидаги муҳим янгиликлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда архив соҳасини рақамлаштириш, архив ҳужжатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда архив соҳасида жорий этилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат архивларида 72 миллион кадр архив ҳужжатлари рақамлаштирилди. Натижада 1,3 миллион сақлов бирлиги электрон шаклга ўтказилиб, Миллий архив фонди ҳужжатларининг рақамлаштирилган қисми 14,3 фоизга етказилди.
Шунингдек, давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона маълумотлар базаси 1 миллион 158 мингдан ортиқ янги маълумот билан бойитилди. Улар орасида архив фондлари, рўйхатлар, сақлов бирликлари, ҳужжатлар ва библиографик маълумотлар мавжуд.
Ҳисобот даврида давлат архивлари сақловига 156 мингдан ортиқ сақлов бирлиги қабул қилиниб, 348 мингдан зиёд сақлов бирлигининг мавжудлиги ва ҳолати текширилди. Шунингдек, 307 мингдан ортиқ варақ архив ҳужжатлари таъмирланди, минглаб сақлов бирликлари муқоваланди ва консервация қилинди.
Матбуот анжуманида архив иши ва иш юритиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан амалга оширилган давлат назорати тадбирлари, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари кўриб чиқилиши ҳамда халқаро ҳамкорлик доирасида бажарилган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.
[gallery-30422]
Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 июндаги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 августдан давлат органлари ва ташкилотларида архив ишига оид ҳужжатлар электрон шаклда юритилади. Янги тартиб архив ҳужжатларини шакллантириш, ҳисобга олиш, сақлаш ва давлат архивларига топшириш жараёнларини босқичма-босқич рақамли муҳитга ўтказишни назарда тутади.
Матбуот анжуманида архив соҳасидаги яна бир муҳим янгилик – “Шажара” ахборот тизими тақдим этилди.
Мазкур платформа орқали фуқаролар ўз оила шажарасини электрон шаклда шакллантириши, аждодлари ҳақида архив маълумотларини излаши ҳамда тегишли давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиши мумкин бўлади.
Тизим “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви”, давлат ва идоравий архивлар маълумотлари билан интеграция қилинади. Шунингдек, Суд-экспертиза марказининг ДНК маълумотлари асосида этник келиб чиқишни аниқлаш хизмати ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Таъкидланишича, “Шажара” ахборот тизими фуқароларнинг ўз тарихий илдизлари ва аждодлари ҳақидаги архив маълумотларини излаш имкониятларини кенгайтиради.
Камола Юсупова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА