Элободликлар кичик майдонлардан катта даромад топмоқда
Иссиқхона — барака манбаи, меҳнат эса фаровонлик калити, дея бежизга айтилмайди. Буни теран англаганлар катта майдон бўлмаса-да, ихчам ерларда ҳам иссиқхона хўжалигини йўлга қўйиб, оила фаровонлиги ва дастурхон тўкинлиги учун барқарор даромад манбаини шакллантирмоқда. Айниқса, бугунги шароитда томорқадан оқилона фойдаланиш нафақат шахсий манфаат, балки ижтимоий барқарорликни мустаҳкамловчи муҳим омилга айланмоқда.
Бунга ёрқин мисол сифатида Сирдарё туманининг Элобод маҳалласи аҳолиси ҳаётини келтириш мумкин. 538 та хонадон ва 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ушбу ҳудудда томорқадан самарали фойдаланиш оддий анъанадан чиқиб, пухта ўйланган иқтисодий ёндашувга айланиб бормоқда. Бу ерда ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини оширишга қаратилган ишлар изчил ва тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Бу борада давлат раҳбарининг 2024 йилда Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида билдирган фикрлари ҳам бугун ўз амалдаги тасдиғини топмоқда.
Сирдарё туманининг бошқа ҳудудларини қуя турайлик, биргина Элобод маҳалласида амалга оширилаётган чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Маҳалладаги 480 дан зиёд иссиқхона ана шу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин натижасидир. Уларда помидор, бодринг, булғор қалампири каби бозоргир маҳсулотлар етиштирилиб, нафақат ички эҳтиёж қондирилмоқда, балки ортиқча ҳосил бозорга йўналтирилиб, даромад манбалари янада кенгаймоқда. Энг муҳими, иссиқхоналар йилнинг барча фаслларида ҳосил олиш имконини бериб, мавсумий эмас, балки узлуксиз бандликни таъминламоқда. Бу эса аҳоли даромадларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
2026 йилнинг биринчи чорагида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида маҳалладаги 23 нафар фуқарога жами 358 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Ушбу маблағлар томорқаларни кенгайтириш, янги иссиқхоналар барпо этиш, мавжудларини такомиллаштириш ҳамда илғор агротехнологияларни жорий этишга йўналтирилди. Қувонарлиси, кредит олганларнинг 10 нафари камбағаллик реестрига киритилган оилалар вакиллари бўлиб, бу уларнинг ўз меҳнати орқали даромад топиши ва турмуш даражасини яхшилашида муҳим омил бўлди.

Маҳалланинг Енгилмас кўчасида яшовчи Сония Аббазова мисолида бу ислоҳотлар самарасини яққол кўриш мумкин. У турмуш ўртоғи, фарзандлари ва келин-набиралари билан биргаликда хонадондаги иссиқхонада меҳнат қилиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантирган. Имтиёзли кредит асосида иссиқхона майдонини 30 сотихгача кенгайтирган бу хонадон бугун нафақат ўз эҳтиёжини тўлиқ қондирмоқда, балки бозорга сифатли маҳсулот етказиб барқарор даромад манбаига эга бўлган. Уларнинг тажрибаси кўплаб қўшнилар учун ҳам ибрат бўлмоқда.
– Ер меҳнатни қадрлайди, – дейди Сония опа. – Ҳар бир кўчатга меҳр билан қарасангиз, у албатта ҳосили билан жавоб қайтаради. Иссиқхона эса йил давомида барака манбаи бўлиб хизмат қилади. Фақат сабр ва тинмай меҳнат қилиш зарур.

Шу маҳалланинг Биродарлик кўчасида яшовчи Собиржон Сафарбоев ҳам қисқа вақт ичида муносиб натижага эришган тадбиркорлардан. У жорий йилнинг февраль ойида 10 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 9 сотих ерда помидор парваришлашни йўлга қўйди. Бугун у турмуш ўртоғи билан елкама-елка меҳнат қилиб, йилига ўртача 80 миллион сўм даромад олмоқда. Бу эса кичик майдондан ҳам салмоқли самарага эришиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Бу каби мисоллар бир ҳақиқатни яққол кўрсатади: томорқа — имконият, иссиқхона — даромад манбаи, меҳнат эса фаровон ҳаётнинг энг ишончли кафолатидир. Элобод маҳалласида шаклланаётган бу тажриба “Сайхунобод тажрибаси” каби нафақат ушбу ҳудуд доирасида, балки бошқа маҳаллаларда ҳам оммалашмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири