Элликқалъанинг замонавий дам олиш масканлари
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Туманда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва тадбиркорлик лойиҳалари янги иш ўринлари, янги имкониятлар ва янги тараққиёт сари муҳим қадам бўлмоқда. Тадбир давомида иштирокчилар туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Хусусан, Ақчакўл бўйида барпо этилган замонавий дам олиш маскани, “Элликқалъа” канали бўйидаги янги соҳилбўйи лойиҳаси уларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 20 декабрдаги “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида мамлакатимизда янги тизим ва ёндашув — “Зарбдор тажрибаси” асосида иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда аҳоли бандлигини оширишга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур вазифалар доирасида туманда ҳам мавжуд имконият ва захираларни аниқлаш, уларни самарали ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилган қатор лойиҳалар ишга туширилмоқда.
Жумладан, биринчи босқичда “Ақчакўл” бўйини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган мастер-режа доирасида ҳудудда замонавий туристик-рекреацион зона барпо этилди. Лойиҳа асосида соҳил бўйи ҳудудини зарур инфратузилма билан таъминлаш, ободонлаштириш ҳамда уни замонавий дам олиш масканига айлантириш ишлари учун республика бюджетидан 8,4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Қурилиш ишлари “Бўстон обод махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан бажарилиб, объект тўлиқ якунланиб фойдаланишга топширилди.
[gallery-30046]
Мазкур ҳудудда меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, ўтов уйлар, ресторанлар, савдо шохобчалари ҳамда турли кўнгилочар хизматларни ўз ичига олган 50 га яқин туризм ва соҳил бўйи хизмат объектини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 75 та янги иш ўрни яратилади. Йилига 20,3 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилади ҳамда бюджетга қўшимча 1,1 миллиард сўм солиқ тушуми таъминланади. Энг муҳими, лойиҳа тўлиқ фаолият бошлагач, масканга кунига 1–1,5 минг нафар, дам олиш кунлари эса 2 минг нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда. Мазкур лойиҳа туманда туризмни ривожлантириш, ҳудуд иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Юқорида қайд этилган фармон асосида ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Мазкур вазифалар ижроси доирасида туманда лойиҳа қиймати 4,2 миллиард сўм бўлган “Элликқалъа” каналининг 2,2 километрлик қисмида соҳилбўйи хизматларини ташкил этиш лойиҳаси муваффақиятли якунланди.
Лойиҳа доирасида замонавий инфратузилма яратилиб, 3 километр пиёдалар йўлакчаси барпо этилди, 200 дона декоратив ёритиш чироғи ўрнатилди, 5,3 километр темир панжара тортилди ҳамда 3 та пиёдалар кўприги қурилди. Натижада туман марказида аҳолининг дам олиши, сайр қилиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай маскан яратилди.
Таъкидланганидек, ушбу лойиҳа нафақат ҳудуднинг кўркига кўрк қўшади, балки хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга хизмат қилади. Лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 50 та янги иш ўрни яратилиши ва хизмат кўрсатиш йўналишида қўшимча даромад манбалари шаклланиши кутилмоқда.
Янги соҳилбўйи ҳудуди аҳолининг севимли масканларидан бирига айланиб, туман тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади. Ҳар бир лойиҳа ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Пресс-тур якунида ўтказилган матбуот анжуманида туманда бандликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари