Элликқалъада “Ёш Ватандошлар форуми” ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида “Ёш Ватандошлар форуми” бўлиб ўтди.
Тадбир Элликқалъа педагогика факультетида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бюсти пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар шоир музейи билан танишдилар.
Форумнинг кейинги манзили “Ақча кўл” туризм маркази бўлди. Бу ерда спорт ўйинлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг чиқишлари намойиш этилди. Шунингдек, “Ёш ватандошлар боғи” барпо этилиб, тадбир иштирокчилари томонидан манзарали дарахт кўчатлари экилди. Форум доирасида ҳунармандчилик маҳсулотлари, китоблар ва маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари кўргазмалари ташкил этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Нуразизов, “Ватандошлар” жамоат фонди бошқаруви раиси О.Сатторов ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни муҳим анжуман билан қутлади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Шу қаторда, бугун дунё бўйича турли соҳаларда билим олиб, ишлаб, юқори натижаларга эришаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Ташкил этилган форум ҳам ана шундай юртдошларимизнинг юксак натижаларини кўпчиликка намойиш этиб, уларнинг билим ва тажрибасини мамлакатимиз равнақига йўналтирадиган муҳим муҳитлардан бири бўлди.
Форум доирасида Амир Темур ва Муҳаммад Юсуф таваллуди муносабати билан ўтказилган ижодий ишлар танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими ва бошқа қатор тадбирлар ўтказилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.