“Электрон поэтик луғат” яратилди
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар асосида амалга оширилган “Электрон поэтик луғат” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Лойиҳа раҳбари, филология фанлари доктори Гулноза Одилова мазкур луғатни яратишдан кўзланган мақсад, луғатнинг имкониятлари, қулайликлари ва афзалликлари ҳақида сўз юритди, шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, лойиҳани янада такомиллаштириш борасида йиғилганлар билан фикр-мулоҳаза алмашди.
Мазкур луғат таржимашуносликда бир тилдан иккинчи тилга ўгирилаётган бадиий асарнинг ўзига хос нозик қирраларини очиб беришда таржимон учун яқиндан кўмакчи бўлади. Таржимон бу жараёнда электрон луғатдан фойдаланиб, ўзи учун мураккаблик туғдирган сўз ёки сўз бирикмасининг маъносини билиши ва уни бошқа тилга қандай усулда таржима қилиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни олиши мумкин. Бунинг учун сайтда етарлича қулайликлар яратилган.
Масалан, таржимон электрон луғат сайтига кириб, хоҳишига кўра, мавжуд бўлим ва боблар асосида ёки сўзга қидирув бериб керакли маълумотларни олади. Луғат ўзбек-инглиз тилида яратилган бўлиб, унда сўзларнинг шунчаки таржимасини эмас, балки уларнинг ўзбек ва инглиз тилидаги изоҳи, мана шу сўз ёки сўз бирикмаси иштирок этган бадиий асардан ҳар икки тил адабиётидан парча ва уни ифодаловчи ҳамда таржимонга моҳиятни тасаввур қилишда кўмаклашувчи фотосурат билан бойитилган контентни кўриши мумкин.
– Шунингдек, луғат базасини янада бойитишга фойдаланувчилар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин. Шу мақсадда фойдаланувчи учун таклиф бериш банди яратилган. Яъни агар таржимонда сўзларнинг муқобил таржимаси билан боғлиқ ижодий таклифлар бўлса, сайтда ёзиб қолдириши мумкин. Сайт администратори таклифларни кўриб чиқиб, маъқул вариантларни сайтнинг асосий базасига қўшишга рухсат беради, – дейди лойиҳа раҳбари, филология фанлари доктори Гулноза Одилова.
Ушбу “Электрон поэтик луғат” 7 та тематик бўлим, 115 боб ва жами 2299 та сўздан иборат.
Файзулло Яҳёев, ЎзА