Электрон мурожаатлар ҳолати таҳлил қилинди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан кам таъминланган оилаларни аниқлаш механизмларининг амалдаги ҳолати, ижтимоий нафақаларни тайинлашда электрон тизимлардан фойдаланиш самарадорлигига бағишланган жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раҳбар ва масъул ходимлари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, туман ва шаҳар кенгашлари раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда кам таъминланган оилаларни аниқлаш механизмларининг амалдаги ҳолати, ижтимоий нафақаларни тайинлашда электрон тизимлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Ахборот-таҳлил сектори мудири Байрамбай Ильясов тақдимот қилиб, мазкур тизимларнинг амалдаги ишлаш тартиби, уларнинг аҳолига қулайлик яратишдаги аҳамияти, шунингдек, ижтимоий ёрдамларни адолатли ва шаффоф тақсимлашдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берди.
[gallery-28349]
Таъкидланганидек, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан 115 турдаги хизмат кўрсатилиб келинмоқда. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 54 минг 237 фуқаро Ижтимоий реестрга киритилган, 70 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олиниб, ижтимоий хизматлардан фойдаланиб келмоқдалар.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига Халқ банк томонидан махсус “Барака” пластик картаси жорий этилган бўлиб, 15 категориядаги шахсга бепул айланма ва фойдаланишга эга бўлади. Ушбу пластик карта эгаларига 16 турдаги енгиллик ва ижтимоий кафолат берилган. Шунингдек, бугунги кунда барча маҳаллаларга ижтимоий ходим бириктирилиб, манзилли ижтимоий хизматлар самарали ташкил этилган.
Маълумотларга қараганда, 2025 йил давомида кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш учун тақдим этилган жами 237 минг 332 ариза белгиланган муддатда кўриб чиқилиши таъминланган. Фуқаролар томонидан болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун масофадан электрон шаклда ариза билан мурожаат қилиш жорий этилиши натижасида, вақт ва маблағнинг тежалишига, инсон омилисиз нафақа тайинланиши бўйича ишончнинг ортишига эришилди.
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш жараёнининг автоматлаштирилиши натижасида инсон омили иштироки кескин камайган. Электрон тизимдан фойдалана олмайдиган тоифадаги оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича маҳаллаларда хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлар томонидан аризаларини планшет орқали электрон қабул қилиш ташкил қилинган.
Жамоатчилик эшитуви тадбирида мурожаатлар қандай шаклда ва тартибда берилишидан қатъий назар, тезкор равишда манзилли кўриб чиқилиши лозимлиги таъкидланди. Халқ демократик партияси депутатлари депутатлик назоратини амалга оширишда мана шу принципга суяниши билдирилди.
Фуқароларнинг аризаларига асосан болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун электрон шаклда ариза топширишда бюрократик тўсиқлар камайди, яъни қоғозбозлик йўқ бўлди. Шунингдек, болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича қарор қабул қилиш муддати камайди. Албатта, бу борада ҳудудлардаги мутасадди ходимлар катта масъулият ва фаоллик билан ишлаши талаб этилади.
Эшитувда яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Бу – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқармаси билан бирга партия электорати вакилларининг ҳуқуқий ва ахборот технологияларидан хабардорлигини ошириб бориш масаласидир. Ҳозир уйдан чиқмасдан ёки ишидан, машғулотидан узилмасдан, йўлларга чиқиб, овора бўлмасдан, электрон платформалар орқали мурожаат йўллаш ва масалаларни ҳал қилиш мумкин. Лекин ўрганишларда депутатлар аҳоли бу янгиликлардан унча хабардор эмаслигига ҳам амин бўлишди. Хабардорликни, илғор тажрибаларга интилишни ҳамкорликда кучайтиришга келишиб олинди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Сайёра Имамова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари Айсанем Аллиярова, Бийбихан Утамбетова, Нукус шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Қутлимурат Қалхоразов ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар ва тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА.