Электр таъминотидаги носозлик икки соатда бартараф этилди
Қиш коммунал соҳа корхоналари учун энг масъулиятли ва машаққатли мавсумдир.
Албатта, мавсум олдидан қилинган тайёргарлик ишлари уни беталофат ўтказиш имконини беради. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали таркибига кирувчи шаҳар ва туман электр таъминотчилари ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан боғлиқ ишларни 1 сентябрга қадар тўлиқ якунлаганлиги сабабли бугунги кунда истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришда жиддий камчиликлар юзага келмаяпти.
Аммо шундай бўлса ҳам айрим сабабларга боғлиқ узилишларнинг бўлиб туриши бор гап. Қишнинг бошланиши ва ёғингарчилик туфайли шундай авария ҳолатлари юзага келганда, ҳар бир шаҳар ва туманда ишлаб турган диспетчерлик хизматлари томонидан узилишни бартараф этишнинг шошилинч чоралари кўрилади.
Масалан, Шуманай туманининг “Сарманбайкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 200 дан ортиқ хонадоннинг электр таъминоти узилгани қайд этилиб, воқеа жойига авария бригадаси юборилди.
Бригада аъзолари етиб келгач, юз берган носозликни икки соат ичида бартараф этишга эришди, натижада электр энергияси таъминоти тўлалигича қайта тикланди.
Чекка қишлоқ аҳолиси қишнинг изғирин совуғига қарамасдан ўз вазифаларини сидқидилдан бажарган таъминотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири