Электр таъминоти корхонасига яна 5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди
Энергетика соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, электр энергиясидан самарали ва мақсадли фойдаланиш жуда муҳим. Негаки, мазкур соҳадаги ҳар қандай ноқонуний уланишлар ва талон-торож ҳолатлари нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки электр таъминоти тизимининг барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Андижон шаҳрида ўтказилган назорат тадбирларидан бирида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг маълумотига кўра, “I. Sh.” МЧЖга тегишли ишлаб чиқариш цехи электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, қонун талабларини бузган ҳолда электр энергиясидан фойдаланиб келган.
Олиб борилган текширувлар натижасида ушбу қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 5 миллиард 461 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА