Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасида тўпурарга айланди
Туркия Суперлигасининг 2025/26 йилги мавсуми ўз ниҳоясига етди. Чемпионатнинг сўнгги тури нафақат жамоалар ўртасидаги кескин рақобат, балки ўзбекистонлик футболчиларнинг ёрқин иштироклари билан ҳам ёдда қолди. Айниқса, Элдор Шомуродов учун бу мавсум фаолиятидаги энг муваффақиятли йиллардан бири сифатида тарихга кирди.
Сўнгги турда "Истанбул Башакшеҳир" сафарда "Газиантеп"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда Шомуродов навбатдаги голини урган бўлса, ҳамюртимиз Аббосбек Файзуллаев голли узатма муаллифи бўлди. Шу тариқа, ўзбекистонлик футболчилар мавсумнинг ҳал қилувчи палласида ҳам жамоасига муҳим очколар келтиришда давом этди.

Мавсум якунларига кўра, Элдор Шомуродов 34 та учрашувда 22 та гол уриб, Туркия Суперлигасининг энг яхши тўпурари деган шарафли унвонни қўлга киритди. Бу натижа нафақат унинг индивидуал маҳорати, балки бутун мавсум давомида намоён этган барқарор ўйинининг ҳам самараси бўлди. Айниқса, ҳужумчимиз чемпионатнинг ҳал қилувчи қисмида юқори спорт формасига чиққанини статистика ҳам тасдиқлайди — у сўнгги олти учрашувда олти бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди.

Шу билан бирга, Шомуродов “гол + ассист” тизимида ҳам чемпионатнинг энг самарали футболчиси бўлди. Ўзбекистонлик форвард ҳисобида 22 та гол ва 5 та ассист бор. Бу борада у Пол Онаучу, Андерсон Талиска, Марко Асенсио ҳамда Виктор Осимхен каби машҳур ҳужумчиларни ортда қолдирди.
Якунда "Истанбул Башакшеҳир" 57 очко билан чемпионатни 5-поғонада якунлади. Энди жамоанинг еврокубоклардаги иштироки "Трабзонспор" клубининг мамлакат кубоги финалидаги натижасига боғлиқ бўлиб турибди. Агар Трабзонспор ғалаба қозонса, Нури Шаҳин бошчилигидаги жамоа Конференциялар лигаси йўлланмасига эга чиқади.

Элдор Шомуродовнинг бу ютуғи ўзбек футболи тарихида алоҳида аҳамият касб этади. У Европа миллий чемпионатларида тўпурар бўлган иккинчи ўзбек футболчиси сифатида қайд этилди. Бундан аввал бундай натижага фақат Максим Шацких эришган бўлиб, у 2000 ва 2003 йилларда Украина чемпионати тўпурари бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА